Ўзбекистон Бюджет кодексида Ҳисоб палатасининг ваколатлари кенгайтирилади
Бюджет кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Бюджет кодексида Ҳисоб палатасининг ваколатлари кенгайтирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сенатнинг ялпи мажлисда «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинган.
Қонун билан Бюджет кодекси, «Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонун бюджет жараёнининг очиқлиги, халқаро стандартларга мослигини таъминлаб, жамоатчилик назоратини кучайтириши таъкидланган.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини ташқи аудитдан ўтказиш ва баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Қонунда бюджетларни шакллантириш ва уларни ижро этиш тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Ҳисоб палатаси томонидан ҳар йили ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш кўзда тутилган.
Шунингдек, Бюджет кодексида Ҳисоб палатасининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Унинг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича Вазирлар Маҳкамасига; Қорақалпоғистон бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича эса тегишлича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига хулоса тақдим этиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари консолидациялашган бюджет таркибига киритилиши белгиланмоқда. Шу билан бирга, консолидациялашган бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган, аммо унинг таркибига кирмайдиган жамғармаларни ташкил этишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Таъкидланишича, қонуннинг маъқулланиши бюджет жараёнининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлашга кўмаклашади ҳамда бюджет жараёни устидан жамоатчилик назорати кучайтирилишига ижобий таъсир кўрсатади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Аввалроқ Ҳисоб палатаси 2022 йилги давлат бюджети юзасидан хулосасини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат бюджетини кўриб чиқиш тартиби ўзгариши хабар қилинди.






