Ўзбекистон давлат идораларида ходимларни баҳолайдиган янги тизимга ўтилади
Президентнинг маълум қилишича, ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон қилиб олинади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат идораларида ходимларни баҳолайдиган янги тизимга ўтилишини маълум қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент давлат идораларида «маҳалладан—республикагача» тамойили асосида кадрларни ўстириш тизими жорий қилинишини таъкидлаган.
«Биз давлат хизматини маҳаллага тушириш бўйича катта ислоҳотларни бошладик. Ҳар бир маҳаллада — раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлардан иборат яхлит тизим яратилди. Бундан буён, раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинади», — деган Шавкат Мирзиёев.
Маълум бўлишича, 1 ноябрдан:
- эски намунадаги «объективка»дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилади;
- ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шарт.
Президентнинг айтишича, оддий қилиб айтганда, раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ходимни хизмат сафарига юборишнинг янги тартиби белгиланганди. Низомга кўра, хизмат сафари муддати ташкилот раҳбари томонидан белгиланади. Бунда муддат йўлдаги вақтни ҳисобга олмаганда 30 календар кундан кўп бўлмаслиги лозим.
Монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларини бажариш учун юбориладиган ходимлар, раҳбарлар ва мутахассисларнинг хизмат сафари муддати 12 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.