Ўзбекистон интернет тезлиги рейтингида 37 поғонага кўтарилди
Ўзбекистон 224 давлат орасида 166-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистонда 5 гигабайтлик файл ўртача 6,64 Мегабит/секунд тезликда юкланмоқда. Бу ҳақда телекоммуникация хизматлари провайдерларини таққослашга ихтисослашган Британиянинг «Cable.co.uk» нашри ҳисоботида сўз боради. Ўзбекистон 224 давлат орасида 166-ўринни эгаллаган.
Қайд этилишича, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич Россия (66-ўрин), Украина (77-ўрин) ва Беларусга (92-ўрин) тегишли.
Маълум бўлишича, интернет тезлиги бўйича рейтингда охирги ўринни Туркманистон эгаллаган. У сўнгги 224-поғонадан жой олган. Туркманистонда 5 гигабайтлик файлни юклаб олиш учун 22 соат 34 дақиқадан кўпроқ вақт керак бўлади.
Маълумот учун, 2017 йилда Ўзбекистон интернет тезлиги рейтингида 189 давлат орасида 178-ўринни эгаллаган. 2018 йилда мамлакат рейтингда бироз юқорига кўтарилиб, 200 мамлакат ичида 184-ўринда қайд этилди.
2019 йилда мамлакатда интернет сифати яна яхшиланди ва бунинг натижасида Ўзбекистон 207 давлат орасида 181-ўринни эгаллади. Ўтган йили мамлакат 221 давлат орасида 200-ўриндан жой олган эди.
Аввалроқ Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар 1 Гбит/с тезликдаги Интернетга уланиши ҳақида хабар берилганди.






