Ўзбекистонда 2022 йил якунига қадар 7 та янги электр станция ишга туширилади
Мамлакат энергетика тизимининг амалдаги умумий қувватини 16 минг МВтдан ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда 2022 йил умумий қуввати 1 474 МВт бўлган иссиқлик ва қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йил якунига қадар мамлакатда умумий қуввати 1 474 МВт бўлган 7 та янги электр станция, шундан 6 та иссиқлик (ИЭС) ва 1 та қуёш фотоэлектр станцияларидан (ФЭС) фойдаланиш бошланади.
Хусусан, январь ойида Бухоро вилоятида 270 МВт ва Тошкент вилоятида 240 МВт бўлган 2 та янги иссиқлик электр станциялари ишга туширилди.
Шунингдек, апрель ойига қадар Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга қўйилиши режалаштирилган.
Март ойида Тошкент вилоятида 230 ва 240 МВт қувватли 2 та, Хоразм вилоятида 174 МВ қувватли 1 та иссиқлик электр станциялари ҳамда Сирдарё вилоятида 220 МВт қувватли иссиқлик электр станцияси йил якунига қадар ишга туширилади.
Бунинг натижасида Ўзбекистон энергетика тизимининг амалдаги умумий қуввати 16 минг МВтдан ошади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилгача 8 та шамол электр станцияси қурилиши хабар қилинганди.






