Ўзбекистонда гидрометеорология фаолияти қонун билан тартибга солинди
Гидрометеорология хизмати ушбу фаолиятдаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Ўзбекистонда гидрометеорология фаолияти қонун билан тартибга солинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланган. Қонун билан гидрометеорология фаолиятини тартибга солиш параметрлари белгиланган.
Қайд этилишича, гидрометеорология хизмати ушбу фаолиятдаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шунингдек, гидрометеорологик ахборот (атроф табиий муҳит ҳолатининг кузатувлари натижалари) очиқ ва ишончли бўлиши керак.
Бундан ташқари, гидрометеорология хизмати давлат органларини, жисмоний ва юридик шахсларни иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ахборот билан таъминлайди.
Бунда умумий гидрометеорологик ва тезкор гидрометеорологик ахборотлар гидрометеорология хизматининг расмий веб-сайтига ва очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади.
Таъкидланишича, қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Аввалроқ Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини божхона назоратидан ўтказиш тартиби белгилангани хабар қилинганди.




