Ўзбекистонда муаммоли кредитларнинг ҳажми камайди
Муаммоли кредитлар ҳажми 1 декабрь ҳолатига 15,3 трлн сўмни, яъни жами кредитларга нисбатан 4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ноябрь ҳолатига нисбатан 0,8 фоизга камайган

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, тижорат банкларининг муаммоли кредитлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.
Қайд этилишича, ўтган ойда муаммоли кредитлар ҳажми 15,3 трлн сўмни яъни жами кредитларга нисбатан 4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ноябрь ҳолатига нисбатан 0,8 фоизга камайган.
Шундан 13,8 трлн сўми давлат улуши мавжуд банкларга, қолган 1,5 трлн сўми эса хусусий банклар ҳиссасига тўғри келади.
Банкларнинг жами кредитлар улуши ҳисобида энг муаммоли кредитлар «Ўзагроэкспортбанк»да кузатилди. Мазкур банкнинг кредит портфели жами 6,2 млрд сўмни ташкил этган. Муаммоли кредит улуши 6 млрд сўмга (95,8 фоиз) етган.
Ундан кейинги ўринда муаммоли кредитлари билан «Халқ банки» турибди. Ушбу банкнинг муаммоли кредитлари ҳажми 3 трлн сўмни ташкил этиб, муаммоли кредит улуши 14,4 фоизга етган.
Хусусий банклар орасида эса энг паст кўрсаткич «Равнақ банк»да кузатилган. Ушбу банкнинг кредит портфели ҳажми 253 млрд сўмни ташкил этган.






