Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул айланмаси ошди
Республикадаги банк кассаларида нақд пул тушумлари 9 ой давомида 244,3 триллион сўмни ташкил этди. Чиқим қилинган нақд пуллар эса 258,7 триллион сўмга етди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 503 триллион сўмни ташкил этгани ҳолда, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 39,3 фоизга ошди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида банк кассаларида жами нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36,7 фоизга ошган бўлса, савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар 27,5 фоизга (24,7 триллион сўм) ва банк хизматларидан нақд пул тушумлари 62,3 фоизга (31,8 триллион сўм) ошди.
Шунингдек, 2022 йилнинг 9 ойида савдо ва хизматлар соҳасидаги жами тушумлар 183,1 триллион сўмни ташкил қилди. Шундан 62,6 фоизи (114,6 триллион сўм) нақд шаклда, 37,4 фоизи (68,5 триллион сўм) терминаллар орқали банк ҳисоб рақамларига кирим қилинди.
Банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар жорий йилнинг январь-сентябь ойларида 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 41,8 фоизга (76,2 триллион сўм) кўпайди.
Аҳоли томонидан ўтган 9 ой давомида банк карталаридаги 105,5 триллион сўмлик маблағлар нақдлаштириб олинган. Банк карталарига кирим қилинган маблағлар 9 ой давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 88,7 фоизга (179,8 триллион сўмга) ошиб, 382,6 триллион сўмни ташкил қилди.
Мазкур маблағларнинг 125,6 триллион сўми – пенсия, нафақа ва иш хақи тўловлари, 121,9 триллион сўми – картадан картага ўтказмалар, (шу жумладан, халқаро пул ўтказмалари орқали) 79,1 триллион сўми – нақд пулда ва омонат ҳисобварақларидан банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.






