Ўзбекистонда сув тежовчи технологиялар учун субсидиялар ажратилади
Сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан 1,2 трлн сўм ажратилади.

Ўзбекистонда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга субсидиялар ажратилиши белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, 2022 йилда 478 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилади. Шунга кўра, 2022 йил якунигача республика бўйича камида:
- 230 минг гектар, шу жумладан, 160 минг гектар пахта етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш;
- 28 минг гектар, шу жумладан, 25 минг гектар бошоқли дон етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғориш;
- 2 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида дискретли суғориш тизимлари жорий қилинади;
- 218 минг гектар экин майдонлари лазерли ускуна ёрдамида текисланади.
Қарорга мувофиқ, 2022 йилдан суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун, жумладан, томчилатиб суғориладиган экин майдонининг ҳар бир гектарига қуйидаги миқдорда субсидиялар берилади:
- пахта майдонлари учун — 8 миллион сўм (Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятидаги пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун 12 миллион сўм);
- сабзавот экинлари ва картошка экин майдонлари учун — 1,5 миллион сўм;
- полиз экинлари майдонлари учун — 1,3 миллион сўм;
- озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар учун — 2,5 миллион сўм;
- мевали экинлар учун — 6 миллион сўм;
- узум майдонлари учун — 8 миллион сўм.
Қайд этилишича, субсидия маблағлари ҳисоб-китоб қилинган сумманинг 50 фоизи тизим жорий қилинган йили ажратилади. Қолган 50 фоизи келгуси йили ҳосилдорлик ошиши ва ускуналарнинг ишлатилишига қараб ажратилади.
Қўшимча 20 фоизи учинчи йилда жорий қилинган тизимни ишлатган ҳолда юқори ҳосилдорликни сақлаб қолган пахта, ғалла ва мева-сабзавот кластерларига тўлаб берилади. Субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида 5 йил ишлатилиши шарти билан ажратилади.
Сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади.
Таъкидланишича, 2022 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун республика бюджетидан 1 триллион 182,4 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Қарорга кўра, Tomchi-reestr пудрат корхоналарининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилади. 2022 йил 10 мартгача сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар бериш юзасидан тегишли материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли орган ва ташкилотлар билан келишишнинг Agro-subsidiya ягона ахборот тизими жорий қилинади.
Аввалроқ Ўзбекистонда томорқаларни суғориш харажатларини қисман қоплашга 50 миллиард сўм ажратилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда томорқа эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорларга субсидия ажратилиши ҳақида хабар берилди.






