Ўзбекистонда уйида парранда ва қўй-эчки боқишни истаганлар учун 2 трлн сўмдан зиёд кредит ажратилади
Туманларда ветеринария хизматлари кўрсатиш ва озуқа-ем тарқатиш, аҳолини ўқитиш марказлари очилади

Ўзбекистонда кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик билан шуғулланиш истагини билдирган етакчи тадбиркорлар учун кредит маблағлари ажратилади. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, томорқа хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар янгича механизм асосида амалга оширилади. Бунда ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир маҳаллада кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик билан шуғулланиш истагини билдирган етакчи тадбиркорлар аниқланади.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан ушбу тадбиркорлар билан лойиҳа ишлаб чиқилиб, уларга кредит ажратилади. Ҳар бир туманда етказиб берувчи ташкилотлар рўйхати шакллантирилиб, жойларда «мобил тарқатиш хизматлари» фаолияти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳаларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилади. Шу билан бирга, ҳар бир туманда ветеринария хизматлари кўрсатиш ва озуқа-ем тарқатиш, аҳолини ўқитиш марказлари очилади.
Таъкидланишича, Боғдорчилик агентлигининг вилоят бўлимлари, туманларда мева-сабзавот ва узумчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этишга кўрсатма берилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда пахта етиштириш ва йиғим-теримни молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши хабар қилинганди.






