«Ўзметкомбинат» учун хорижий банклардан 50 млн доллар қарз олинади
Кредит бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилади.

«Ўзметкомбинат» аксиядорлик жамияти учун хорижий банклардан 50 миллион доллар кредит олинади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, «Ўзметкомбинат» АЖ ишлаб чиқариш қувватларини оширишга қаратилган умумий йиллик қуввати 1,04 миллион тонна иссиқ ҳолда прокатланган пўлат лист ўрамларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Хусусан, 2022 йилда 96 миллион долларлик инвестициялар, шу жумладан, 50 миллион долларлик хорижий банк кредити жалб қилинади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилади.
Шунингдек, республикада мавжуд темир (Тебинбулоқ, Сюренота) ва вольфрам (Саутбай, Ингичка) конларини саноатда ўзлаштириш ва металлургия корхоналарини барпо этиш мақсадида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.






