Президент хусусийлаштириш ишларини суст ташкил қилгани учун икки вилоят ҳокимига ҳайфсан эълон қилди
«Ўзагросервис» жамияти раисига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 январь куни давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинган.
Давлат раҳбари давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар суръати қониқарсиз эканини таъкидлаган.
Шунингдек, жорий йилда давлат активларини хусусийлаштиришдан тушиши прогноз қилинаётган маблағлар кўрсаткичи жуда камлиги, тармоқ ва ҳудудларда ҳанузгача 2 мингта самарасиз ишлатилаётган давлат мулки объектлари мавжудлиги кескин танқид қилинган.
Хабарга кўра, вилоят ҳокимликлари балансида ҳам йиллар давомида 170 га яқин бўш объектлар сотилмасдан турибди. Шунинг учун Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинган.
Шунингдек, Давлат активлари агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқларини ишдан олиш, трансформация ва хусусийлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун «Ўзагросервис» жамияти раиси Р.Хайитовга ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилган.






