Президент янги уй-жой массивлари нархини 2021 йилги даражада ушлаб қолиш зарурлигини айтди
Уйлар нархини барқарор сақлаш учун бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади
Ўзбекистонда уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурувчиларга Марказий банк ставкасидан ошган қисми 24 ой давомида қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилади.
Шунингдек, келгуси йили янги массивларда қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олинади. Бунинг учун 220 миллиард сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилади. Бу 1 тонна цементнинг ишлаб чиқариш таннархини 7 фоизга қискартириш имконини беради. Булар ҳам уйларнинг нархини сезиларли туширишга олиб келади.
Аввалроқ Тошкентда субсидия учун ариза қабул қилиш тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.