Қаҳва саноатидаги инқироз. Иқлим ўзгариши — ишлаб чиқарувчилар учун таҳдид
Дунёда кофе етиштириш учун майдон 2050 йилга келиб, икки бараварга қисқариши мумкин

Иқлим ўзгаришлари бир қанча соҳалар қатори қаҳва саноати ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Вақти келиб, қаҳва етиштирувчилар ҳақиқий инқирозга дуч келиши мумкин.
Маълумотларга кўра, агар ҳарорат ўзгариши тенденцияси шу йўсинда давом этса, 2050 йилга келиб, кофе етиштириш учун майдон дунё бўйлаб икки бараварга қисқариши мумкин. Саноат етакчилари — Бразилия ва Вьетнам эса бундан ҳам кўпроқ йўқотишларга учрайди. 2080 йилга келиб, қаҳва бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.
The Climate Institute маълумотларига кўра, аллақачон дунёда дуккакли экинларнинг ҳосилдорлиги пасайиб бормоқда: Танзанияда ўртача ҳароратнинг ошиши туфайли маҳсулот 50 фоизга камайган.

Манбаларга кўра, жаҳонда 25 миллион қаҳва ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти кичик фермерлардир. Маҳсулот етказиб бериш тармоқларида жами 120 миллиондан ортиқ киши ишлайди.
Кўпгина мамлакатлар иқтисодиёти қаҳва экспорти билан боғлиқ: Никарагуада бу бюджет даромадларининг 17 фоизи, Эфиопияда 33 фоизи, Бурундида эса 59 фоизини ташкил этади.
Бозор учун оқибатлар
Қаҳва етиштириш учун мавжуд майдонларнинг қисқариши бозордаги навлар сонини ҳам камайтиради. Баъзи ишлаб чиқарувчи мамлакатлар иқлим ўзгаришидан фойда кўрмоқда. Шарқий Африка ва Осиёда қаҳва етиштириш осонлашмоқда.
Келажакда қаҳва етказиб беришнинг кескин пасайиши нархларга таъсир қилиши мумкин. Биржадаги чайқовчилик туфайли нархлар бир неча баравар ўсиши эҳтимоли юқори.
Шунингдек, қаҳва бозоридаги ўзгаришлар бошқа экинлар етиштиришга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Кўпинча салқин иқлим шароитида етиштириладиган экинлар қаҳва плантациялари билан алмаштирилади.
Финлар таклифи
Финляндия олимлари қаҳва инқирозидан чиқишнинг ўзига хос йўлини таклиф қилди. Улар қаҳвани лабараторияда етиштирмоқчи.
Технология сунъий гўшт етиштиришга ўхшайди. Финляндия техник тадқиқот марказида қаҳва ҳужайра бўлиниши орқали ишлаб чиқарилади. Қовурилганидан кейин уни оддий маҳсулот билан бир хил тарзда тайёрлаш мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, бундай маҳсулотларни оммавий ишлаб чиқариш қаҳва дарахтларини ўстиришдан кўра камроқ инсон ва сув ресурсларини талаб қилади. Лекин унинг пештахталарда пайдо бўлиши учун ҳали анча вақт бор: қонунчилик базасини шакллантириш ва сармояларни жалб қилиш учун камида тўрт йил керак бўлади.






