Қирғизистон банклари Россиянинг «Мир» карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди
Қирғизистон Миллий банки раиси ўринбосари Қайип Куленбековнинг парламентдаги йиғилишда маълум қилишича, АҚШ томонидан қўлланилаётган санкциялар таҳдиди туфайли мамлакат банклари Россиянинг «Мир» тўлов тизими билан ишлашни тўхтатган

Қирғизистон банклари АҚШ томонидан санкциялар таҳдиди туфайли Россиянинг «Мир» тўлов тизими билан ишлашни тўхтатди. Бу ҳақда Қирғизистон миллий банки раиси ўринбосари Қайип Куленбековга таяниб, «24.kg» хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, регулятор банкларга «Мир» карталари билан ишлаш бўйича кўрсатмалар бермаган, уларга хизмат кўрсатишни рад этиш тўғрисидаги қарорни кредит ташкилотлари иккиламчи санкциялардан қўрқиб, мустақил равишда қабул қилган.
«Агар Қирғизистон банкларига иккинчи даражали санкциялар қўлланилса, бу уларнинг вакиллик ҳисобларига таъсир қилиши мумкин. Чекловлар уларнинг хорижий банклардаги вакиллик ҳисобларига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Шу муносабат билан банк фаолияти чекланиши мумкин», — деб тушунтирди Куленбеков.
Аввалроқ, «Капитал Банк» ва «Демир Банк» Россиянинг «Мир» карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатган эди. Саккизта тижорат банки ҳам ушбу карталарга хизмат кўрсатишни тўхтатганини эълон қилганди.




