Марказий банк иловаларга киришда биометрик текширув ва P2P ўтказмалар қоидаларини юмшатмоқчи
Мобил иловага кириш, рўйхатдан ўтиш ва банк картасини бириктиришда биометрик идентификация талаби бекор қилиниши таклиф этилмоқда.
Марказий банк жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Амалдаги ҳужжат 2025 йил 23 декабрда тасдиқланиб, 2026 йил 21 январда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган.
Лойиҳа ҳозирча Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамаси босқичида бўлиб, муҳокама якунларига кўра ўзгартирилиши мумкин. Таклиф ва мулоҳазалар 1 августгача қабул қилинади.
Спот лойиҳа билан танишиб чиқиб, унда қандай ўзгаришлар таклиф қилинаётганини таҳлил қилди.
Биометрия
Лойиҳада энг кўп ўзгаришлар айнан биометрик идентификация билан боғлиқ.
Ҳозир Низомнинг 5-банди фойдаланувчини рўйхатдан ўтиш босқичида бевосита биометриядан ўтишга мажбур қилмайди — лойиҳа бундай талабни тўғридан-тўғри киритади: иловада рўйхатдан ўтишда масофадан биометрик идентификациядан ўтиш керак бўлади.
Шу билан бирга, телефон рақамини ЖШШИР билан солиштириш қоидаси ҳам аниқлаштирилмоқда. Энди, агар фойдаланувчининг рақами унинг шахсий ЖШШИРига мос келмаса, картани рўйхатдан ўтказиш ва боғлаш блокланади.
Лойиҳа енгиллик киритмоқда: агар телефон яқин қариндош — ота-она, ака-ука, опа-сингил, турмуш ўртоқ ёки фарзанд номига расмийлаштирилган ва қариндошлик белгиланган тартибда тасдиқланган бўлса, рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади. Бунда мазкур қоида юридик шахслар номига расмийлаштирилган корпоратив телефон рақамларига татбиқ этилмайди.
Айни пайтда, банк картасини аккаунтга бириктириш бўйича талаблар юмшатилмоқда. Ҳозир фойдаланувчи карта бириктириш учун алоҳида OTP-кодни киритиши ва биометрик идентификациядан ўтиши керак. Лойиҳа қабул қилинса, биометрик текширув талаб қилинмайди, фақат OTP-кодни киритиш кифоя бўлади.
Худди шундай ёндашув низомнинг 10-бандига ҳам татбиқ этилмоқда. Ҳозир биометрик идентификация аккаунтга кириш, паролни тиклаш, янги қурилмадан кириш, рўйхатдан ўтиш ва карта бириктириш каби бир нечта амал учун мажбурий ҳисобланади. Янги таҳрирга кўра, биометрик текширув фақат паролни тиклаш ва янги қурилмадан кириш ҳолатларида сақлаб қолинади. Аккаунтга оддий кириш, рўйхатдан ўтиш ва банк картасини бириктиришда эса бу талаб олиб ташланади.
Шунингдек, янги қурилмадан аккаунтга кирилганда ёки пароль тикланганда банк карталари билан боғлиқ тартиб ҳам ўзгаради. Ҳозир бундай ҳолатда иловага уланган барча карталар автоматик равишда узиб қўйилади ва қурилмадаги операциялар тарихи ўчириб ташланади. Лойиҳа эса карталарни тўлиқ узишни бекор қилмоқда — улар фақат вақтинча нофаол ҳолатга ўтказилади ва қайта фаоллаштириш учун OTP-кодни киритиш кифоя бўлади. Операциялар тарихини ўчириш ҳақидаги норма эса янги таҳрирдан чиқариб ташланган.
Хабарномалар
Ўзгартиришларнинг иккинчи йирик қисми мижозларни хатарлар ҳақида қачон ва қандай огоҳлантириш тартибига тааллуқли.
Шундай ҳолатлардан бири — фойдаланувчи қурилмасида зарарли дастурлар борлиги ёки масофадан бошқарилаётгани аниқланганидир. Ҳозир амалдаги тартибга кўра, бундай вазиятда банк ёки тўлов ташкилоти мижозни фақат SMS орқали хабардор қилиши шарт.
Лойиҳага кўра, энди бунга муқобил усул ҳам жорий этилади — мижозни мобил иловадаги PUSH-хабарнома орқали ҳам огоҳлантириш мумкин бўлади. Қайси алоқа каналидан фойдаланишни банк ёки тўлов ташкилоти ўзи белгилайди.
Молиявий операциялар олдидан чиқариладиган огоҳлантирувчи хабарларга нисбатан ҳам шунга ўхшаш ёндашув таклиф этилмоқда. Ҳозир ҳисобварақлар ўртасидаги ўтказмалар, P2P ўтказмалари ёки хизматлар учун тўловни тасдиқлашдан олдин фойдаланувчига операцияни айнан ўзи, фирибгарлар аралашувисиз амалга ошираётганини тасдиқлашни сўровчи огоҳлантириш барча операциялар учун мажбурий ҳисобланади.
Лойиҳага кўра, бу талаб юмшатилади. Банклар ва тўлов ташкилотлари ўзларининг хатарларни бошқариш сиёсатидан келиб чиқиб, қайси молиявий операциялар олдидан бундай огоҳлантиришни кўрсатишни мустақил белгилайди. Натижада ушбу норма барча операциялар учун мажбурий бўлмайди, матндан эса аниқ операциялар рўйхати чиқариб ташланади.
Карталарни блоклаш ўрнига вақтинча нофаол қилиш
Ҳозирги тартибга кўра, фойдаланувчи аккаунтига янги қурилмадан кирса ёки паролини тикласа, аккаунтга уланган барча банк карталари мобил иловадан автоматик равишда узилади, шунингдек, ушбу қурилмадаги карталар бўйича операциялар тарихи ўчириб ташланади.
Лойиҳага кўра, карталар энди тўлиқ узиб қўйилмайди. Улар фақат вақтинча нофаол ҳолатга ўтказилади. Картадан яна фойдаланиш учун уни OTP-код ёрдамида қайта фаоллаштириш кифоя қилади. Операциялар тарихини ўчириш ҳақидаги норма эса янги таҳрирда олиб ташланмоқда.
P2P ўтказмалари
Бугунги кунда барча P2P ўтказмалари албатта OTP-код билан тасдиқланади. Веб-сайтлар орқали (мобил илова орқали эмас) пул ўтказмаларини амалга ошириш тақиқланган.
Банклар ва тўлов ташкилотлари ўзларининг фирибгарлик хавфини бошқариш сиёсатидан келиб чиқиб, қуйидагиларни мустақил равишда белгилашлари таклиф этилади:
- P2P ўтказмаларини OTP-код билан тасдиқлаш меъзонлари;
- антифрод тизимининг тасдиғи талаб этилмайдиган P2P ўтказмаларнинг максимал миқдори.
Бундан ташқари, ўтказмани тасдиқлашда OTP-код ўрнига антифрод SMS-кодлар ёки бошқа муқобил аутентификация усулларидан фойдаланишга рухсат берилади. Веб-сайтлар орқали P2P ўтказмаларини амалга оширишга қўйилган тақиқ эса ўзгаришсиз сақланиб қолади.
Карта эгаси маълумотларини кўрсатиш
Ҳозирги таҳрирга кўра, иловада карта эгасининг исми тўлиқ, фамилиясидан эса фақат биринчи ҳарфи кўрсатилади. Пул ўтказмалари пайтида олувчининг телефон рақами бириктирилган карта эгасининг маълумотлари қисман яширилади.
Лойиҳа билан карта эгасининг исми ва фамилиясини қисман беркитиш таклиф этилмоқда, яъни шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари кучайтирилади. Шунингдек, қисман яшириладиган маълумотлар айнан пулни қабул қилувчи карта эгасига тегишли экани аниқлаштирилмоқда.
TLS талаблари
Ҳозирда қоида маълумотларни узатиш учун 1.3 ёки ундан юқори версияли Transport Layer Security (TLS) хавфсизлик протоколидан фойдаланишни бевосита талаб қилади.
Муайян версия рақами ўрнига рақамга қатъий боғланмаган ҳолда TLS протоколининг «қўллаб-қувватланадиган (суппортед) «талқинидан фойдаланиш талабини киритиш таклиф этилмоқда.
