Қозоғистондаги тартибсизлик: мамлакатда озиқ-овқат захираси етарлими?
Вазирлик айни пайтда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захираси етарли эканини маълум қилди.

Қозоғистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли захиралари мавжуд, расмийлар уларни узлуксиз таъминлаш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда республика Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар кўплаб ҳудудларда савдо соҳасида вазият барқарор, чакана савдо объектлари фаолияти одатдагидек давом этмоқда. Талончилик оқибатида жабр кўрган Олмаота, Толдиқўрғон, Уралск, Чимкент ва Тараз шаҳарларидаги бир қатор савдо объектлари бундан мустасно.
Шу билан бирга, вазирлик айни пайтда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захираси етарли эканини маълум қилди.
«Озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.
Матбуот хизмати, шунингдек, озиқ-овқат тақчиллиги юзага келиши билан боғлиқ хавотирга асос йўқлигини таъкидлади.
«Савдо объектлари фаолиятида озиқ-овқат маҳсулотларига нархларни белгилашда чайқовчилик ҳам чиқариб ташланади ва йўл қўйилмайди», дейилади хабарда.
Бундан ташқари, вазирликка фуқаролардан озиқ-овқат учун тўловни тўлов карталари ва онлайн режимда амалга ошира олмаслик юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани маълум қилинди.


