Рейтинг. 2021 йилда энг кўп бойлик орттирган 10 нафар миллиардер
Энг бадавлат 10 нафар миллиардернинг умумий бойлиги 458 миллиард долларга ўсди.

Бутун дунё бўйлаб 2021 йилда миллиардерлар сони 660 нафарга кўпайиб, 2755 кишини ташкил қилди. Бу — тарихий кўрсаткич. Шу билан бирга 2021 йил молиявий ҳолатини яхшилаб олганлар янада кўп бўлди.
Forbes ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилнинг 1 январидан 10 декабрига қадар дунёнинг 2755 миллиардеридан 1800 нафари молиявий ҳолатини фақат яхшилаган. Уларнинг баъзилари юзлаб миллион долларга, бошқалари эса бир неча миллиард долларга бойиган.
Миллиардерларнинг кичик таркиби қолганларидан ажралиб турди. 2021 йилда дунёдаги энг бадавлат 10 миллиардернинг умумий бойлиги 458 миллиард долларга ўсди, бу 2021 йил 1 январдан 10 декабргача бўлган даврда дунёдаги барча миллиардерлар бойлиги умумий ўсишининг (1,6 триллион доллар) чорак қисмидан кўпдир.
Дунёдаги энг бой 10 миллиардердан олти нафари АҚШда яшайди. Уларнинг барчаси технология саноати ёки ушбу соҳага яқин йўналиш вакиллари. 2021 йилда Американинг энг бой миллиардерларининг молиявий ҳолати 304 миллиард долларга ўсди.
Дунё бўйлаб кўплаб бозорларнинг жадал ўсиши фонида Forbes журналининг энг бой 10 миллиардери рейтингидан Ҳиндистон, Франция, Хитой ва Гонконг бизнесменлари ҳам ўрин олди.
1. Илон Маск: + 109,8 миллиард доллар
- Мамлакат: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 265,4 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +109,8 миллиард доллар
Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск учун 2021 йил эсда қоларли бўлди: миллиардернинг «йил одами» деб топилиши, уйларини сотиб юбориши, тахминан 37 квадрат метрли йиғиладиган модулли уйга кўчиб ўтиши, поп юлдузи Граймс билан ажрашиши, Twitter’даги мемлар, сиёсатчилар билан тортишувлар ва бизнесни тарк этиш ҳақидаги фикрлари.

Маскнинг молиявий ҳолати йил давомида Tesla ва SpaceX акцияларининг баҳоси кўтарилиши ортидан ўсиб борди. 2021 йилнинг ноябрь ойида у ҳатто бойлиги 300 миллиард долларга баҳоланган тарихдаги биринчи шахсга ҳам айланди. Аммо бу узоққа чўзилмади.
Маск Twitter саҳифасида ўз акцияларининг бир қисмини сотиши керакми ёки йўқ, деган сўровнома эълон қилганидан сўнг, Tesla акциялари нархи тез орада кескин тушиб кетди. Шундан сўнг тадбиркор бир кечада бир неча миллиард доллар йўқотди. Шундай бўлса ҳам Маск учун 2021 йил муваффақиятли ўтди.
Жорий йил у яна энг бой миллиардерлар рейтингида биринчи ўринни эгаллади ва ўз рекордини такрорлади. Унинг бойлиги кетма-кет иккинчи йил ўсиши деярли 110 миллиард долларни ташкил этди.
2. Гаутам Адани: + 52,5 миллиард доллар
- Мамлакат: Ҳиндистон
- Молиявий ҳолати: 81,1 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: + 52,5 миллиард доллар
2021 йилда Ҳиндистон BSE SENSEX индекси 23 фоизга ўсди. Натижада Forbes талқини бўйича 2021 йилда энг кўп бойиган 10 миллиардер рейтингида иккинчи ўрин Аданига насиб этди. Унинг Adani Group конгломерати инфратузилмани ривожлантириш, хомашё таъминоти, энергия ишлаб чиқариш ва кўчмас мулк билан шуғулланади.

2021 йилда Adani Gas компанияси акциялари қиймати 400 фоизга, Adani Transmission энергетика компанияси акциялари нархи 330 фоизга, Adani Enterprises ҳолдинг компанияси акциялари нархи эса 250 фоизга ошди.
3. Ларри Пейж: +49,1 миллиард доллар
- Мамлакат: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 126,3 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +49,1 миллиард доллар
2021 йилда Google’нинг бош компанияси Alphabet акциялари яхши даромад ва акцияларни қайтариб сотиб олиш натижасида 71 фоизга ошди.

«GOOGLE белгиси остидаги акциялар инвесторлар орасида энг оммабоплиги аниқ. Дунёдаги энг йирик компанияларнинг акциялари орасида улар энг кам мунозарали ҳисобланади », деб ёзади JPMorgan молиявий холдинг таҳлилчиси Дуг Анмут мижозларга берган ҳисоботида.
4. Ларри Эллисон: +47,5 миллиард доллар
- Мамлакат: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 135,7 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +47,5 миллиард доллар
2021 йилда Oracle асосчиси Ларри Эллисоннинг молиявий ҳолати ўсишига иккита омил ёрдам берди. Биринчидан, Oracle акциялари 61 фоизга ошди. Иккинчидан, Эллисон Tesla акцияларининг ўсишидан фойда кўрди, чунки унинг улуши Илон Маскнинг улушидан кейин иккинчи ўринда туради.

2018 йилда Эллисон электромобиль ишлаб чиқарувчисининг 3 миллион акциясини сотиб олганди. Битим қиймати 1 миллиард доллардан кам бўлгани тахмин қилинади. Ўшандан бери Эллисон компания директорлар кенгаши аъзоси ҳам ҳисобланади.
У Tesla акцияларининг тахминан 1,5 фоизига эгалик қилади, уларнинг қиймати 2021 йил 10 декабрь ҳолатига кўра 15 миллиард доллардан ошган.
5.Сергей Брин: +46,7 миллиард доллар
- Мамлакат: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 121,7 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +46,7 миллиард доллар
Google’нинг иккинчи асосчиси 2019 йилда Пейж билан компания раҳбарлигини тарк этганидан бери кўринмай қолди. Бироқ, Брин ҳали ҳам Alphabet директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади. У ҳозирда LTA Research and Exploration янги авлод гигант дирижаблларини ишлаб чиқмоқда.

Брин, шунингдек, Паркинсон касаллиги бўйича тадқиқотларни молиялаштириб келади. Миллиардернинг оила аъзоларидан бир неча нафари ушбу касалликдан азият чекади.
6. Бернард Арно: +43 миллиард доллар
- Мамлакат: Франция
- Молиявий ҳолати: 193,9 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +43 миллиард доллар
2021 йилда француз миллиардери LVMH акциялари қийматининг кескин ошиши фонида бироз муддат дунёнинг энг бой одами бўлиб турди. Бироқ кейин Жефф Безос ва Илон Маск уни четлаб ўтди. Бернард Арно айни дамда дунёнинг энг бой одамлари рейтингида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

LVMH акциялари ҳашаматли товарларга бўлган талабнинг кескин ортиши туфайли 2021 йилда 29 фоизга ошади. LVMH компаниялар гуруҳи Louis Vuitton модалар уйи, шампан ишлаб чиқарувчи Moët ва Hennessy коньяк уйи, шунингдек, endi, Christian Dior ва Givenchy каби брендларга эгалик қилади.
7. Стив Балмер: +32,3 миллиард доллар
- Мамлакат: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 107,5 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +32,3 миллиард доллар

Баллмернинг «Лос-Анджелес Клипперс» баскетбол клуби 2020 йилга нисбатан 20 фоизга ўсди, аммо бу миллиардернинг ўнлаб миллиард доллар бойликка эга бўлишининг асосий сабаби эмас. Стив Балмер Microsoft компаниясининг 30-ходими эди ва 2000 йилдан 2014 йилгача ушбу компаниянинг бош директори лавозимида ишлаган. 2021 йилда Microsoft акциялари 57 фоизга ошди, чунки инвесторларга компаниянинг ўсиш тезлиги ва қилган даромади ёққан.
8. Чжан Имин: +31,7 миллиард доллар
- Давлат: Хитой
- Молиявий ҳолат: 59,4 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +31,7 миллиард доллар
2012 йилда Чжан Имин ByteDance компаниясига асос солди, у эса бутун дунёга машҳур TikTok иловасини ишлаб чиқди. Айнан TikTok туфайли хитойлик тадбиркор 2021 йилда бойлиги энг кўп ўсган дунёнинг энг бадавлат 10 миллиардерлари рейтингига кирди.

Бироқ Хитойда ҳамма тадбиркор ҳам бундай муваффақиятга эриша олмади. Гап шундаки, 2021 йилда Хитой ҳукумати мамлакат саноати устидан назоратни кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўша қарор туфайли Хитойнинг кўплаб энг бой ишбилармонлари ўз компанияларидаги раҳбарлик лавозимларини тарк этишга мажбур бўлди ва миллиардлаб доллар йўқотди.
9. Робин Цзэн: +26,8 миллиард доллар
- Ҳудуд: Гонконг
- Молиявий ҳолати: 57,6 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +26,8 миллиард доллар
Электромобиллар учун литий-ионли аккумуляторларнинг дунёдаги энг йирик етказиб берувчиларидан бири бўлган Contemporary Amperex Technology (CATL) акциялари қиймати 58 фоизга ўсди. BMW, Volkswagen ва Geely CATL мижозлари ҳисобланади. Бундан ташқари, Американинг электромобиль ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси ҳам CATL аккумуляторларини сотиб олаётгани хабар қилинган.

Робин Цзэн томонидан 2011 йилда асос солинган компания Хитойнинг тез ривожланаётган электромобиль саноатида етакчилардан ҳисобланади. CATL яқинда литий-ион аккумуляторлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 9 миллиард доллар жалб қилиш ниятида эканини маълум қилди.
10. Билл Гейтс: +18,9 миллиард доллар
- Мамлакат: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 139,2 миллиард доллар
- 2021 йилги ўсиш: +18,9 миллиард доллар
2021 йил Билл Гейтс учун оғир ўтди: дастлаб ажрим, кейин эса Жеффри Эпштейн билан алоқалар ва собиқ ходими билан ишқий муносабатлари учун жамоатчилик томонидан танқидлар тўлқинига учради.

«Бу йил мен учун катта шахсий қайғу йили бўлганини инкор эта олмайман. Нима бўлишидан қатъи назар, ўзгаришларга мослашиш ҳеч қачон осон эмас», — деб ёзган Гейтс йил якунларини сарҳисоб қилар экан.
Гарчи Гейтс 30 йил ичида биринчи марта Американинг энг бадавлат кишилари рўйхатида етакчилардан бири бўлмаса ҳам, шунингдек, собиқ рафиқаси Мелиндага 2021 йилда камида 6,2 миллиард долларлик активларини берган бўлсада, у жорий йил ўз молиявий ҳолатини қарийб 19 миллиард долларга яхшилаб олди.
Миллиардер бунга Microsoft, Republic Services ва Berkshire Hathaway каби компаниялар акцияларининг қиймати ошиши ҳисобига эришди.
Аввалроқ Ғарбда энг кўп тилга олинган россиялик миллиардерларнинг рейтинги ҳақида батафсил маълумот берилганди.






