Россияда сафарбарлик эълон қилингандан кейин ресторанларнинг даромади камайди
Россиядаги қисман сафарбарлик мамлакатдаги ресторан бизнесларига жиддий таъсир ўтказа бошлади. Ташриф буюрувчиларнинг орасида эркаклар сони кескин камайди

Россияда 21 сентябрда қисман сафарбарлик эълон қилингандан кейин икки ҳафта ичида Москва ресторанларида чек нархи ўртача 1500 рублдан юқори бўлган буюртмалар сони 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 29 фоизга камайди.
Таъкидланишича, Москвада нархлари қиммат овқатланиш муассасаларида даромад 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга камайган. Нисбатан арзонроқ бўлган ресторанларда эса бу кўрсаткич 8 фоизни ташкил этган.
Умуман олганда овқатланиш мақсадида ресторан ва кафеларга ташриф буюрувчиларнинг сони ўртача ҳисобда 19 фоизга қисқарган.
Мутахассисларнинг фикрича, фойдаланувчилар сонининг камайиши ва ҳамда овқатланиш муассасаларининг даромадлари камайиши мамлакатда эълон қилинган сафарбарлик ортидан келиб чиқмоқда. Ресторанчиларнинг сўзларига кўра, овқатланиш учун ташриф буюрувчиларнинг орасида эркакларнинг сони сезиларли даражада камайган.




