Шавкат Мирзиёев Покистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди
Президент сўзининг аввалида Покистон Бош вазири билан ўтказилган музокаралар натижаларига тўхталди.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 март куни Исломобод шаҳрида Покистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирда «Нишат Групп», «Гетз Фарма», «Пирамид Ложистикс», «Эжаз Груп», «АКД Груп», «Вах Нобель Групп», «Нажиб Файбэр», «Сапфир Груп» каби кўплаб компаниялар раҳбарлари иштирок этган. Ушбу ширкатларнинг умумий активлари 40 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.

Президент сўзининг аввалида Покистон Бош вазири билан ўтказилган музокаралар натижаларига тўхталди.
«Тарихий ташрифимиз давомида илк бор Имтиёзли савдо битимини имзоладик. Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни алоҳида назоратга олишга келишиб олдик. Асосий мақсадимиз — маҳсулотларни давлатларимиз ўртасида тўсиқсиз ва энг қисқа муддатларда етказиб бериш тизимини яратишдан иборат», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундай эътибор ва шароитлар ўзаро алоқаларни фаоллаштириб, яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга, келгуси эса 1 миллиард долларга етказиш учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Исломободда ўтган бизнес форумда тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш материаллари, банк-молия, кимё саноати ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 800 миллион долларлик савдо ва инвестиция лойиҳалари бўйича келишувларга эришилган эди. Бу лойиҳаларнинг барчаси саноат кооперацияси дастурига киритилиб, қатъий назоратга олиниши қайд этилди.

Давлат раҳбари Покистон компанияларини биргаликдаги лойиҳаларни кўпайтиришга чақирди.
«Бугун сизларнинг аниқ таклифларингизни эшитмоқчиман. Бу ерда ҳукумат аъзолари, саноат тармоқлари масъуллари йиғилган. Ўзбекистонда бизнесингиз учун қандай шароит, нима кафолат керак бўлса, кўриб чиқишга тайёрмиз», — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев ишбилармонларнинг режаларини маъқуллаб, барча ташаббус ва шартномаларни ўз ичига олган «йўл харитаси» ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.






