Тадбиркорлар билан низолар ва TikTok ҳақида гапирган Давлетов, «Капиталбанк»даги улушини оширган Усмонов компанияси ҳамда Самарқандга борган Мирзиёев — ҳафталик дайжест
Kommers.uz ҳафтанинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яна бир ҳафта (7 февраль – 13 февраль) ўз якунига етиб бормоқда. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдони қайноқ янгиликларга тўла бўлди. «Kommers.uz» улардан энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Тадбиркорлар билан низолар ва TikTok ҳақида гапирган Давлетов
7 февраль куни Адлия вазирлигида журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда адлия вазири Русланбек Давлетов жамоатчиликка ҳисобот берди. Савол-жавоб шаклида ўтган йиғилишда вазир ижтимоий тармоқларнинг блокланишига тўхталиб ўтди.
Вазирнинг қайд этишича, у ахборотнинг эркин тарқалиши тарафдори.
«Мен барибир ахборотнинг эркин тарқалиши тарафдориман. Тарихда ҳам ахборотни чеклаш жуда кўп бўлган. Блоклаш нима дегани ўзи. Техник нуқтаи назардан бунинг имкони борми? Боринг ана блоклаб қўйдингиз, лекин дарров ҳамма VPN’га ўтади-ку. Биласизми, ҳар куни қанча VPN’нинг янги дастурлари чиқади? Бу жаҳолат бўладиган бўлса, биз жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз керак», — дейди у.
Русланбек Давлетовнинг сўзларига кўра, блоклаш ҳеч қандай самара бермайди.
«TikTok’дан бошқа жойда ёмон контент йўқми? Интернетга кирсангиз, бошқа бўлмағур сайтлар йўқми? Бўлмаса, диний экстремизм қаердан кучаймоқда? Қаердан бу пропаганда бўляпти? Блоклаш нуқтаи назардан қийин масала. Ўйлайманки, бу ҳеч қандай самара бермайди», — дейди вазир.
Маълумот учун, Ўзбекистонда қонунчиликдаги шахсий маълумотлар билан боғлиқ банд туфайли TikTok, Twitter, Skype ва «Вконтакте»га кириш қисман чекланган.
Шунингдек, адлия вазири тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолатига баҳо берган.
Вазирнинг қайд этишича, тадбиркорнинг фаолиятини текшириш ва тафтишлар сони ортиши — «эскича тизим».
«Ҳар минг нафар тадбиркорнинг фаолиятини текшириш ва тафтишлар сони 2,5 баравар кўпайган. Бу — эскича тизим. Аудит тизимига ўтганмиз, коммерал назоратга ўтяпмиз. Лекин барибир бу тафтишлар бизда автоматик шаклланади», — дейди у.
Давлетовнинг сўзларига кўра, судларда тадбиркорлар иштирокида кўриб чиқилаётган низолар сони 50 фоизга ошган.
«Бу яхши сигнал эмас. Тадбиркорлар ва давлат органлари орасида низо кўпаймоқда. Ким [тадбиркор] судга борса, асосий тизим яхши ишламаётганидан далолат беради», — дейди у.
Шунингдек, Русланбек Давлетовнинг айтишича, давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баравар ошган.
«Капиталбанк»даги улушини оширган Усмонов компанияси
Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги шўъба корхонаси «Телекоминвест» Finance TCI аффилланган шахси билан биргаликда 8 февраль куни «Капиталбанк»нинг яна 3,85 фоиз улушини сотиб олди.
Усмоновга алоқадор «Телекоминвест» «Капиталбанк»нинг 3,85 фоиз акциясини сотиб олганидан сўнг банкда компаниянинг аффилланган ҳолдаги умумий акциялари 61,54 фоизга етди.
«Телекоминвест»да банкнинг аффилланган ҳолдаги билан ҳисоблаганда умумий акциялари миқдори битимдан сўнг 263 миллион 893 минг 229 донага етди.
Эслатиб ўтамиз, USM Holding компаниясининг шўъба корхонаси бўлган «Телекоминвест» «Капиталбанк»нинг 2021 йилнинг ноябрь ойида «Капиталбанк»нинг 215,3 миллиард сўмлик акцияларини сотиб олганди.
«Капиталбанк» фонд биржаси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ҳисобланади. 2021 йилда банк Ўзбекистонда валюта биржасининг биринчи маркет-мейкери бўлди. Бундан ташқари, банкнинг муҳим ютуғи Ўзбекистонда биринчи рақамли Apelsin шўъба корхонаси билан банк гуруҳининг ташкил этилиши дея кўрилади.
Самарқандга борган Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Самарқанд шаҳрига келди. Давлат раҳбари Самарқанд халқаро аэропортида яратилаётган шароитларни кўздан кечирди.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, бу «ҳаво дарвозаси» қарийб 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига янгидан қурилмоқда. 2021 йил учиш-қўниш йўлаги қайта қурилган эди. Бугунги кунда янги терминал тўлиқ тикланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўл, автотураргоҳ ва ёритиш устунлари барпо этилмоқда.

«Мирзо Улуғбекнинг буюк мероси Самарқанднинг тимсолига айланган. Шу боис янги аэропорт биноси аллома бобомизнинг ‘Зижи жадиди Кўрагоний’ китоби шаклида барпо этилган», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, терминалнинг эни 175, баландлиги 25 метр. Бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминалида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Ўта танқидий руҳда ўтган йиғилишда давлат раҳбари вилоятдаги секторлар ва тегишли мутасаддилар жуда суст ишлаётганини кўрсатиб ўтган.
Таъкидланишича, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун қуйидаги амалдорлар ишдан олинган:
- Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлонов;
- Нуробод тумани ҳокими Ф.Заиров;
- Марказий банкнинг вилоят бошқармаси раҳбари О.Тўхтаев,
- Оқдарё тумани прокурори Д.Кубаев;
- Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари Ж.Қодиров, Ф.Гафаров ва Д.Ибрагимов;
- Ургут ва Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари А.Алмазов ва М.Эргашев;
- вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқулов.
Уларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган, шу жумладан коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилади.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф чоғида «Silk road Samarkand» туризм маркази қурилиши билан танишди.
Бу улкан мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида барпо этилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 381 миллион долларни ташкил этади. Бугунги кунда 8 та меҳмонхона, конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвонсаройи қурилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади.

Бу ерда замонавий хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
«Бизда туристлар келиб томоша қиладиган бино ва обидалар кўп. Лекин хизматлар тури кам, сифати паст. Бу марказда кўп тармоқли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиши керак. Туризм соҳасида ўқиётган талабалар шу ерга келиб, амалиёт ўташи зарур», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент «Абадий шаҳар» карвонсаройини ҳам кириб кўрди. Бу мамлакатнинг қадимий шаҳарларини эслатади, Ўзбекистон халқининг меморлик анъаналари, амалий санъат турлари, миллий таомлар, қадимий бозорлари кўринишини мужассам этади.
«Бу ерда тарихимиз, маданиятимиз намоён бўлади, одамлар болалари билан келиб кўради. Шунинг учун бинолардаги безаклар, ранглар меъёрида, миллийлигимизга хос бўлиши керак. Карвонсарой ҳовлисида ҳунармандлар растаси ташкил қилиш ҳам мумкин», — дейди Президент.
40 ёшгача бўлган раҳбарлар рейтинги
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистонда 40 ёшгача бўлган раҳбарларнинг йиллик топ-40 рейтинги шакллантирилди.
Маълум қилинишича, сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистоннинг вазирлик ва идораларида масъулиятли лавозимларга кўплаб ёш раҳбарлар тайинланган. Уларнинг аксарияти хорижда таълим олган, амалий иш тажрибасига эга ва ўзини намоён этишга муваффақ бўлган.

Вазирликлар раҳбарияти таркиби тубдан янгиланган. Бугунги кунда 24 нафар вазирдан 10 нафари (42 фоизи) — 40 ёшдан 45 ёшгача, 4 нафари (17 фоизи) — 46 ёшдан 50 ёшгача, уч нафари (12 фоизи) — 51 ёшдан 55 ёшгача бўлган кадрларни ташкил қилади.
Rivian’дан 20 млн акция сотиб олган Сорос
Миллиардер ва сармоядор Жорж Сорос электромобиль ишлаб чиқарувчи Rivian компаниясининг 20 миллионга яқин акцияларини сотиб олди.
Маълумотларга кўра, Жорж Сорос харидни 2021 йилнинг тўртинчи чорагида амалга оширган. Ўша пайтда акциялар қиймати 2 миллиард долларга яқин бўлган.
Ушбу харид Soros Fund Management компаниясини ҳали биринчи электромобиль ишлаб чиқаришни бошламаган компаниянинг асосий инвесторларидан бирига айлантирган. 20 фоиз улуши Amazon’га тегишли бўлган Rivian электрон тижорат компаниясига 100 мингдан ортиқ электр юк машиналарини етказиб бериши кутилмоқда.
Чорак якунига кўра, портфелдаги Америка акцияларининг қиймати 1,2 миллиард долларга ошиб, 6,5 миллиард долларни ташкил этган. Жамғарма бошқарувидаги активларнинг умумий қиймати 28 миллиард доллардан ошган.
Ўзбекистонликларни иш танлашда қизиқтираётган жиҳатлар
«HeadHunter Ўзбекистон» Kommers.uz’га ўзбекистонликлар иш танловида энг кўп эътибор қаратадиган жиҳатлар ҳақида маълумот тақдим этди.
Яқиндагина кириб келган 2022 йилнинг воқелиги шуни кўрсатадики, ишга жойлашиш нафақат иш изловчилар, балки иш берувчилар учун ҳам осон вазифа эмас. Инсон капитали учун рақобат деярли икки бараварга ошган ва ўсишда давом этмоқда. Бугунги кунда иш берувчилар иш изловчиларга бозордаги энг яхши шароитларни яратиш учун ҳар доимгидан кўпроқ ҳаракат қилишлари керак.
Хўш, ўзбекистонликлар аслида нима хоҳлайди? 2022 йил 30 январдан 7 февралгача ўтказилган сўровга кўра, иш изловчилар иш таклифини кўрганида биринчи навбатда эътибор берадиган нарса — «ёғли» маошдир. Бу билан фуқароларнинг 49 фоизини қизиқтириш ва жалб қилиш мумкин.
Яна 30 фоиз респондентлар мотивация манбаи сифатида қизиқарли вазифаларни танлаган. Асосан 18–29 ёш орасидаги ахборот технологиялари соҳаси вакиллари ва офис ходимлари шундай жавоб берган. Бундан ташқари, корпоратив маданият, қўшимча имтиёзлар, иш берувчининг жойлашуви, карьеравий ўсиш ва масофадан туриб ишлаш имконияти каби жавоблар ҳам бор.
Таъкидланишича, энг талабгир таклиф — иш берувчи ҳисобидан ташкиллаштирилган тушлик бўлган. Респондентларнинг 39 фоизи буни ҳамма нарсадан афзал кўради.
Шунингдек, тиббий суғурта (17 фоиз) ва спорт зали учун тўлов (17 фоиз) иккинчи ўринни эгаллаган. Корпоратив транспорт (16 фоиз) ва дўконларга чегирма купонлари (3 фоиз) кейинги ўринлардан жой олган.
Бундан ташқари, сўровда қатнашганлар ўз вариантларини сифатида турар жой/интернет/ўқитиш тўлови, пулли рағбатлантириш, мослашувчан иш вақти ва меҳнат давомидаги кўнгилочар машғулотларни таклиф этган.
HeadHunter (hh.uz) Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги етакчи онлайн иш қидириш ва ходимларни ишга ёллаш платформаси ҳисобланади.
Лицензияси бекор қилинган WebMoney
Россия Марказий банки «Консерватив тижорат банк»нинг (КТБ) лицензиясини қайтариб олди. КТБ WebMoney пул ўтказмалари тизимининг ҳисоб-китоб банки ҳисобланади.
Маълум қилинишича, банкнинг лицензияси 11 февралдан бошлаб бекор қилинган. Марказий банк КТБ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида қонун бузилишларига йўл қўйганини лицензия бекор қилинишига сабаб сифатида кўрсатган.
Бундан ташқари, ҳисоботда айтилишича, банк федерал қонунлар ва Марказий банкнинг банк фаолиятини тартибга солувчи қоидаларини бузган, шунинг учун регулятор ўтган йил давомида бир неча марта чоралар кўрган, хусусан, айрим операцияларни амалга оширишга чекловлар қўйган.
«Кредит ташкилотининг фаолияти унинг ‘соядаги’ қимор бизнесига, молия бозорининг ноқонуний иштирокчиларига хизмат кўрсатишда иштирок этиш хавфи ортиши билан тавсифланади», дейилади Россия банки баёнотида.
Регуляторга кўра, КТБ аслида «анъанавий банк иши» билан шуғулланмай, электрон тижорат хизматларини кўрсатмаган ва мижозларнинг шаффоф бўлмаган маблағ манбаларини, шунингдек, уларнинг иқтисодий асосларини ўрганмаган.
Марказий банк 1,4 миллион рублдан кўп бўлмаган миқдорда КТБнинг ҳар бир омонатчисига маблағлар 100 фоиз қайтарилишини кўрсатган. Маблағлар қайтарилиши билан «Омонатларни суғурталаш агентлиги» давлат корпорацияси шуғулланади.
Мустаҳкамланаётган Ўзбекистон сўми
Ўзбекистон сўмининг реал самарали алмашув курси индекси 2022 йилнинг январь ойида 2021 йил декабрь ойига нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланди.
Марказий банк томонидан тақдим этилган реал самарали алмашув курси шарҳида маълум қилинишича, Ўзбекистон сўмининг реал самарали алмашув курси индекси январь ойида 2021 йил мос даврига нисбатан 5,4 фоизга, базавий ой — 2018 йилнинг июнига нисбатан 6,3 фоизга мустаҳкамланган.

Маълум қилинишича, январь ойида реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига, асосан, савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг қадрсизланиши, шунингдек, ички инфляция даражасининг савдо-ҳамкорларга нисбатан юқорилиги ҳисса қўшган.
2022 йилнинг январь ойидаги реал самарали алмашув курси индекси динамикасида:
- оширувчи омиллар: савдо-ҳамкор давлатлар валюта курслари ўзгариши — 3,1 фоиз банд, ички инфляция — 0,9 фоиз банд, сўм алмашув курси — 0,3 фоиз банд;
- пасайтирувчи омил: савдо-ҳамкор давлатлар инфляцияси — 3,5 фоиз бандни ташкил этди.
Олдиндаги ҳафта омадли келсин. «Kommers.uz» ўқувчилар учун қизиқ бўлган барча янгилик ва таҳлилларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






