
Тадқиқот: мамлакат қанча камбағал бўлса, McDonald’s маркетингга шунча кўп сармоя киритади
Компания камбағал давлатларда кўпроқ чегирмаларга оид рекламаларга эътибор қаратади.

McDonald’s Instagram ижтимоий тармоғида болалар аудиторияси учун жойлаштирган реклама хабарларида мамлакатнинг фаровонлик даражасини ҳисобга олади. Бу ҳақда Fast Company журнали ёзмоқда.
Қайд этилишича, компания камбағал давлатларда кўпроқ чегирмаларга оид рекламаларга эътибор қаратади, аксинча фаровон давлатларда урғу соғлом овқатланишга берилади.
Нью-Йорк университети тадқиқотчилари олти қитъадан 15 та паст ва юқори даромадли мамлакатларни танлаган. McDonald’s компаниясининг ўша мамлакатлардаги Instagram аккаунтлари ва 2019 йил сентябрдан декабргача бўлган барча эълон ҳамда рекламалари таҳлил қилинган. Илмий иш натижалари BMJ Nutrition Prevention & Health журналида чоп этилган.
Ўша 15 та аккаунтда жами 10 миллион обуначи, 3,9 миллион лайк, 164,8 минг изоҳ ва 38,2 миллион кўришлари сони мавжуд.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, McDonald’s даромади юқори бўлган мамлакатларга қараганда паст ва ўрта даромадли мамлакатларда 154 фоиз кўпроқ постлар жойлаштирган. Ривожланган мамлакатларда постларнинг 12 фоизи, ривожланаётганларда эса 22 фоизи болаларга қаратилган.
Канада ва Португалияда мос равишда 4,8 фоиз ва 6,3 фоиз реклама болалар аудиториясига йўналтирилган. Таққослаш учун, Панамада бу кўрсаткич 21,3 фоиз, Бразилияда 26,8 фоиз, Индонезияда 27,6 фоиз, Мисрда 17 фоиз, Ҳиндистонда 16,7 фоизни ташкил этади. Ўрганилган давр мобайнида ҳеч қандай реклама америкалик болаларга мўлжалланмаган.
Бойроқ мамлакатларда McDonald’s 5 фоиз постларда соғлом овқатланиш одатлари ҳақида гапирган ва даромади паст бўлган мамлакатларда бу кўрсаткич 3 фоизни ташкил қилган. Бундан ташқари, камбағал мамлакатлардаги постларнинг 40 фоизи чегирмалар ҳақида хабар берган, юқори даромадли мамлакатларда эса бу 14 фоизни ташкил қилган.
Ўз навбатида, McDonald’s компанияси вакили тадқиқот нотўғри бўлганини айтган.
«[McDonald’s] ёш харидорлар билан қандай муносабатда бўлишига жиддий ёндашади. У Happy meal орқали 12 ёшгача бўлган болалар ўртасида соғлом овқатланишни тарғиб қилмоқда», — дейди тармоқ вакили.
Аввалроқ McDonald’s компаниясининг собиқ бош директори Стив Истербрук ва корпорация ўртасидаги суд жараёни якунлангани ҳамда Истербрук компания ходими билан ишқий муносабатда бўлгани учун ишдан бўшатилгани хабар қилинганди.






