Тармоқда 20 рақами туширилган пул расми тарқалмоқда. Марказий банк ҳолат бўйича маълумот берди (видео)
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас

Ижтимоий тармоқларда 20 рақами туширилган пул расми тарқалмоқда. Марказий Банк ушбу ҳолат бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, банкнот кўринишидаги – «Сўм»нинг муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган намуна Марказий Банк томонидан муомалага чиқарилган пул белгиси ҳисобланмайди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу намуна Марказий банк томонидан эмас, балки «Давлат белгиси» корхонаси томонидан 2014 йилда юбилей сана муносабати билан корхонанинг реклама маҳсулоти (сувенир) сифатида чиқарилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас (унда сўм ёзуви қайд этилмаган), муомала ва тўлов воситаси сифатида фойдаланишга мўлжалланмаган.
«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгилари фақат Марказий банк томонидан муомалага чиқарилади», дейилади хабарда.
Маълумот учун, дунёдаги барча банкнот чоп этувчи компаниялар томонидан янги ҳимоя элементлари жорий этилганлиги ёки бошқа ишлаб чиқариш янгиликлари билан таништириш мақсадида, бирор юбилей сана ёки компания фаолиятига алоқадор воқеага бағишлаб фақат рақам қўйилган, валюта номи қайд этилмаган банкнотлар чоп этиб борилади ва улар корхона фаолиятини рекламаси учун мўлжалланган бўлади.
Шу сабабли, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан аҳоли орасида ҳар хил саволлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармаслик мақсадида асоссиз ахборотларни тарқатмаслик сўралган.






