Telegram’дан бирга-бир кўчирилган «миллий мессенжер». Humo дастурчилари ушбу ҳолатга изоҳ берди
Ўзбекистонда миллий мессенжер — Humo ишга туширилди. Ушбу мессенжер дастурчилари нима сабабдан у Telegram’дан бор бўйича кўчирилганига изоҳ берди

Ўзбекистонда Humo номли миллий мессенжер ишга туширилди. Унинг дизайни ва интерфейси худди Telegram’никига ўхшайди. Ушбу мессенжер дастурчилари у нима сабабдан бундай кўринишда яратилганига изоҳ берди.
«‘Биз бошида қанақа мессенжер қиламиз, нималарга эътибор берамиз, қанақа қулайликлари бўлиши керак?’ деган фикрларни илгари сурдик. Жуда кўпчиликнинг фикри Telegram мессенжерига яқинлашаверди», — дейди Unicon Soft дастурчиси Даврон Турсунов.
Шунингдек, у янги Humo мессенжерининг кодлари Telegram’дан кўчирилганми, деган саволларга жавоб бериб кетган.
«Telegram’нинг айнан клиент коди очиқ кодли бўлиб, лицензияланган ҳисобланади. Дастурлаш оламида очиқ кодлардан фойдаланиш жуда ҳам кенг йўлга қўйилган. Биз ҳам инсонларга қулай бўлишини мақсад қилиб, Humo мессенжерининг UI’ни Telegram’никига ўхшатдик. Одамлар осон мослашиб, тушуниши учун», — дейди у.
Қайд этилишича, Humo мессенжерининг сервер қисми нолдан ёзилиб, миллий криптографик стандартлар қўлланган ҳолда ишлаб чиқилган. Унинг кодларининг муаллифлик ҳуқуқи Unicon Soft’га тегишли.
«Бу нарсанинг хавфсизлик томонидан Ўзбекистон стандартларига жавоб беришини тегишли органларга ҳам тақдим қилдик. Мессенжерда қандай файл ёки информация бўлса, ҳаммаси ўзимизнинг серверларга келиб тушади», — деди Unicon Soft криптографик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлими етакчи дастурчиси Рустам Қиёмов.
Ҳозирги кунда фуқаролар, ҳаттоки давлат органи ходимлари хизмат ёзишмалари серверлари хорижи давлатларда жойлашган мессенжерлардан фойдаланиб келади. МЧЖ раҳбари Шерзод Ҳабибуллаевнинг қайд этишича, бу ахборот хавфсизлиги талабларига тўғри келмайди.
«Humo мессенжери учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмаган. Ушбу мессенжер Unicon Soft’нинг ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган», — дея қўшимча қилди Ҳабибуллаев.
«Миллий мессенжер» ўз кўриниши билан Telegram’дан фарқ қилмаслиги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Хусусан, блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ушбу мессенжернинг яратувчисига савол билан юзланди:
«Айтишларича, ушбу миллий мессенжер давлат хизматчилари учун хавфсиз экан. АКТга масъул бўлган ташкилотларимиз тизимни текшириб, сертификат ҳам берибди.
‘Ооо, зўрку, ваниҳоят миллий мессенжер ишлатар эканмизʼ, дея хурсанд бўлиб, ўша дастурни ишлатмоқчи бўлдим. Аммо дастурни очишим билан, бу Telegram’ми ёки Humo’ми, деб адашиб қолдим. Шоввозларимиз бирга-бир Telegram’дан кўчиришибди. Яна номи Ўзбекистоннинг миллий мессенжери эмиш… Unicon Soft’га биттагина саволим бор: бу шармандаликка қандай чидайсизлар?»

Шунингдек, «Бургут» Telegram канали ҳам қуйидагича муносабат билдирган:
«UniconUz фан техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази деган давлат унитар корхонаси Humo деган миллий мессенжер яратишибди. Яратишибди десак, уят бўлар, шунчаки Telegram’дан бор бўйича кўчириб ‘яратдик’ деб мақтанишибди.
Соҳага масъул бўлган вазирлик тизимни текшириб, давлат хизматчилари учун хавфсиз деб топиб унга сертификат ҳам берибди.
Энди ушбу кўчирма дастурга давлат ташкилотлари ҳар бир ходим учун ойига 25 минг 200 сўмдан абонент тўлови тўлаши керак экан.
АКТ вазирлигини номидан бошқа ҳеч нарсаси ўзгармаганини шундан ҳам билса бўлади. Эссиз, шунга кетган пул…»

Мессенжернинг ишлаб чиқувчиси — Unicon Soft МЧЖнинг 25 фоиз улуши Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Unicon.uz Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази унитар корхонасига тегишли. Қолган 75 фоизнинг эгаси эса 4 нафар жисмоний шахс таъсисчилигидаги Prosoft МЧЖ ҳисобланади.
Президентнинг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони 1-иловаси 87-бандида ушбу миллий мессенжерни ишлаб чиқиш ва вазирлик тизимида синов тариқасида жорий этиш учун «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси» маблағларидан фойдаланиш кўрсатилган.






