Термиз муҳандислик-технология институти ташкил этилди
Институт таълим дастури хорижий 1000 таликка кирган ОТМлар дастури асосида шакллантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Тошкент давлат техника университети Термиз филиали негизида Термиз муҳандислик-технология институти ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Қарорга кўра, замонавий технологиялар бўйича чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтнинг асосий фаолият йўналишларидан бири саналади.
Қайд этилишича, институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Шунингдек, Тошкент давлат техника университети Термиз филиали талабалари таҳсил олаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишни институтда давом эттиради.
Бундан ташқари, институт халқаро рейтингда биринчи 1000 таликка кирган хорижий ОТМнинг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантиради. Шу билан бирга, иш берувчилар талабларидан келиб чиқиб ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажми оширилади.
Маълум қилинишича, институт фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматларни самарали амалга ошириш учун илмий-тадқиқот ва инновацион хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этади.
Шунингдек, институтнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2022–2023 ўқув йилидан етакчи ОТМда тегишли магистратура мутахассисликлари ва 2023 йилдан таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чоралари кўрилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда бакалавриат талабалари учун Президент ва давлат стипендияларини тайинлаш тартиби тасдиқлангани хабар қилинганди.






