Тошкентда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганларга уй-жой харид қилиш учун қанча пул ажратилгани маълум бўлди
Жами 173 та уй харид қилиш режалаштирилган.

Тошкент шаҳрида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жой харид мақсадида республика ва маҳаллий бюджетлардан жами 29 миллиард 583 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 9 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Дилором Тошмуҳамедова бошчилигида йиғилиш ташкил этилган. Йиғилишда 2021 йилда Тошкент шаҳрида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жой харид қилишнинг мақсадли параметрлари ижроси таҳлил этилган.

Таъкидланишича, Президентнинг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мақсадли параметрларига асосан 2021 йил давомида Тошкент шаҳрида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун жами 173 та уй-жой харид қилиш белгиланган. Ушбу уйлар учун жами 29 миллиард 583 миллион сўм маблағ назарда тутилиб, шундан 14 миллиард 792 миллион республика бюджетидан, 14 миллиард 792 миллион эса маҳаллий бюджетдан ажратилиши режалаштирилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, 2019–2021 йиллар давомида 149 нафар чин етимга уй-жойлар ажратилган. Бироқ, юқорида қайд этилган мақсадли параметрлар учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмагани танқидий муҳокама этилган.
Қайд этилишича, йиғилишда етим болаларни уй-жой билан таъминлашдаги муаммо ва камчиликлар таҳлил этилиб, сенаторлар томонидан уни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилган. Шунингдек, йиғилиш давомида уйга муҳтож етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотлар доимий мониторинг қилиб борилиши таъкидланган.

Муҳокамалар якунида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда доимий парламент назорати ўрнатилиши қайд этилган.
Аввалроқ Президентнинг етим қизларни уй-жой билан таъминлашга оид фармонига ўзгартиш киритилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда уй-жойга муҳтож хотин-қизларни хонадон билан таъминлаш тартиби белгилангани ҳақида хабар берилди.






