Туркманистонда 1,2 млрд IP манзиллар блокланди
Туркманистонда дунёдаги мавжуд IP манзилларнинг қарийб учдан бир қисми блокланди. Чекловларни бузганлар махсус хизматларга «суҳбат учун» чақирилади

Бугунги кунга қадар Туркманистонда 1,2 миллиард IP-манзил блокланган, бу дунёдаги мавжуд IP манзилларнинг қарийб учдан бир қисмидир.
«Агар ўтган йилларда туркман режими ҳақида салбий маълумотлар бўлиши мумкин бўлган сайтлар блокланган бўлса, энди бу Туркманистонни танқид қилишга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган порталларга ҳам тааллуқлидир», – дея таъкидлайди газета.
Таъкидланишича, мамлакатдаги барча машҳур мессенжерлар, шунингдек, Facebook, Twitter, VKontakte ва YouTube ўз фаолиятини тўхтатган. Блокни четлаб ўтиб, хорижий ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтган кишилар махсус хизматларга «суҳбат учун» чақирилиши мумкин. Бундан ташқари Туркманистондаги оммавий блокировкалар туфайли VPN хизматлари ҳам амалда ишламай қолди.
«Бир VPN топилса, хавфсизлик хизматлари у жойлашган тармоқни дарҳол ёпади. Буни «қонунбузар» рақами билан бир хил бир неча рақамдан бошланадиган барча телефон рақамларини блокировка қилиш билан солиштириш мумкин», – дейилади хабарда.
Шунингдек, Туркманистонда талабаларга VPNдан фойдаланмаслик, Geen Card лотереяси ўйнамаслик, олий таълим муассасасига телефон олиб келмаслик сингари талаблар ҳам қўйилган.
Нашрнинг таъкидлашича, сентябрь ойида Туркманистоннинг 2022-2025 йилларга мўлжалланган киберхавфсизлик давлат дастури қабул қилинган. Таъкидланишича, у автоном миллий рақамли тармоқни яратишни, яъни туркман интернет секторини дунёнинг қолган қисмидан ажратиб қўйишни назарда тутади.





