Украинанинг давлат қарзи 107 млрд доллардан ошди
Мамлакатнинг ноябрь ойидаги қарзи 4,34 млрд долларга ошди. Унинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбати 83,1 фоизни ташкил этган

Украинанинг давлат қарзи 107 млрд доллардан ошди. Бу ҳақда мамлакат депутати Даниил Гетманцевга таяниб, Коммерсант хабар берди.
Қайд этилишича, ноябрь ойи охирида Украинанинг давлат қарзи 107,46 миллиард доллардан ошди. Ўтган ойда давлат қарзи ҳажми 4,34 миллиард долларга ошди. Унинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбати 83,1 фоизни ташкил этган.
Гетманцевнинг айтишича, 2021 йил охирига келиб бу нисбат ЯИМнинг 48,9 фоизини ташкил қилган. Давлат қарзининг ўсишига асосий сабаб бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун ташқи қарзлардир. Хусусан, ўсишнинг учдан икки қисми Европа Иттифоқининг имтиёзли узоқ муддатли кредитлари, асосан, 2,5 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий ёрдамга тўғри келди. Йил бошидан буён 11 ой давомида Украинанинг хорижий валютадаги давлат қарзи 9,7 фоизга (9,5 миллиард доллар) ошди.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, 2022 йил охирига келиб давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 89,4 фоизни ташкил этади ва 2023 йилда тахминан бир хил даражада (ЯИМга нисбатан 89,9 фоиз) сақланиб қолади.
Украина ҳукумати 2023 йилда бюджет харажатлари даромадлардан икки баравар ошиб кетишини маълум қилган. Шунингдек, Украинадаги уруш сабаб 5 млндан ортиқ киши ишсиз қолган.






