Алишер Усмоновнинг USM холдинги VK гуруҳидаги акцияларини сотди
Холдинг акцияларини «Согаз» гуруҳига сотган

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM компанияси VK (ВКонтакте)даги акцияларининг 57 фоизини «Согаз» гуруҳига сотмоқда. Бу ҳақда «Согаз» баёнотида хабар берилган.
«‘Согаз’ АЖ директорлар кенгаши VK (собиқ Mail.ru Group) 57,3 фоиз овозини назорат қилувчи ‘МФ Технологии’ АЖ капиталидаги 45 фоиз улушни тасдиқлади», дейилади компания матбуот хизмати хабарида.
USM’нинг эълонида холдинг асосчиси, миллиардер Алишер Усмоновнинг сўзларидан иқтибос келтирилади:
«VK Group’даги акциядорлик иштирок кўп жиҳатдан ривожланишни белгилаб берди ва холдинг тарихининг муҳим қисмига айланди. Бизнинг ёндашувимиз ёш ва ғайратли бошқарув учун максимал ҳаракат эркинлигидир, шунинг учун уч йил олдин менинг шерикларим ва мен VK Group акциялари билан овоз бериш ҳуқуқини унинг бошқарувига топширдик. Бугун биз компания капиталидан чиқиб, уни аудитория сони бўйича ҳам, молиявий кўрсаткичлар бўйича ҳам чўққида қолдирамиз, бу эса унинг келажагига ишонч уйғотади».
Маълумот ўрнида, «МФ Технологии» VK’нинг 4,8 фоиз оддий ва 57,3 фоиз овоз берувчи акцияларини назорат қилади. Овоз берувчи акцияларнинг яна 12,3 фоизи Голландиянинг Prosus конгломератига, 4,5 фоизи Alibaba Group, 3,3 фоизи Tencent’га тегишли. Қолган 22,6 фоиз бошқа миноритар акциядорларга тегишли.






