Ижтимоий тармоқлар чекланиши ортидан АТКР вазири ва унинг ўринбосари ишдан олингани айтилмоқда
Ўзбекистонда бир қанча ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланиши бўйича резонанс кўтарилганди

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров лавозимидан озод этилгани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, интернет-платформалар фаолиятини чеклаш билан боғлиқ кечаги воқеа ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.
Аввалроқ «Ўзкомназорат» Telegram мессенжери ҳамда YouTube, Instagram, Facebook ва Odnoklassniki тармоқларининг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаб қўйилганди. Улардан айримлари Ўзбекистонда VPN’сиз ишламаётганди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хабардор бўлганидан сўнг мамлакатда 3 ноябрь куни фаолияти чекланган ижтимоий тармоқлар қайта ишлай бошлади. Ўзбекистон Бош вазиринг қарорига асосан Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилди.






