«Малика» бозори 125 млрд сўмга сотилгани тасдиқланмади
«Малика» бозори сотилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Тошкент шаҳридаги «Малика» бозори 125 миллиард сўмга сотилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kommers.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди.
Вазирлик вакилининг маълум қилишича, «Малика» бозори сотилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Берилган маълумотда 2021 йил якунига қадар сотилиши керак бўлган давлат активлари ва уларнинг нархлари келтириб ўтилган. Бу уларнинг сотилди дегани эмас. Жадвалда ‘cотиладиган қиймат’ жумласи ўрнига ‘сотилган қиймат’ жумласи адашиб ишлатилгани тушунмовчиликка сабаб бўлган бўлиши мумкин», дейди у.
Изоҳланишича, юқоридаги жадвалда 2021 йил якунига қадар аукционда сотиладиган йирик давлат авктивлари ва уларнинг қанча нархга сотилиши ифодаланган.

Вазирлик Kommers.uz’га тўғри маълумот келтирилган жадвални тақдим этди.






