Ўзбекистонда автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади
Дониёр Ғаниев олди-сотди жараёнларида енгилликлар бўлишини маълум қилди

Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳаси ва бюджетномага кўра, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади.
Шунингдек, депутатнинг Молия вазирлигидаги манбаларига кўра, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилиши кутилаётган ўзгртиришга асосан автомобиль олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъий назар, БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланади (солиштириш учун амалдаги тўлов миқдори БҲМнинг 2 баробари (540 минг) дан 10 баробаригача (2 миллион 700 минг)).
«Ҳа айтганча, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун 3 фоизлик йиғим автомашиналар нархига киритилган ва шу кунгача фуқароларимиз UzAuto Motors автомашиналарини 3 фоиздан ортиқ нарх билан харид қилиб келмоқда. Қизиқ, энди ушбу йиғим бекор қилиниши ортидан UzAuto Motors автомобил нархларини 3 фоизга туширармикин?» — деб ёзади депутат.
Унинг қайд этишича, «2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида»ги қонунни қабул қилиниши ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари кескин камаяди.
Аввалроқ Молия вазирлиги 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасини эълон қилганди.






