Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчага етгани очиқланди
Мамлакат ташқи мажбуриятларининг ҳажми 51,4 млрд долларни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 37,6 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2021 йилнинг бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 миллиард долларга ошиб, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 37,6 миллиард долларни (2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 33,8 миллиард доллар) ташкил қилган.
Хусусан, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 7 фоизга ёки 1,5 миллиард долларга ўсиб, 22,9 миллиард долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 18 фоизга ёки 2,2 миллиард долларга ўсиб, 14,7 миллиард долларни ташкил этган.
Шунингдек, мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари 68,3 миллиард долларни, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 51,4 миллиард долларни ташкил этган. Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг соф инвестицион позицияси йил бошига нисбатан 17 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга қисқариб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 16,9 миллиард долларни ташкил қилган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 25,3 миллиард долларга етгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат қарзи суммасининг ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслигини белгиловчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинди.






