«1984» романининг феминистик версияси нашр этилади
Оруэллнинг ўғли лойиҳани маъқуллади.

АҚШда Жорж Оруэллнинг «1984» антиутопия романининг феминистик версияси нашр этилади. Китобни америкалик ёзувчи Сандра Ньюман асл асар қаҳрамони Уинстон Смитнинг бекаси Жулия номидан ёзади. Ёзувчи Оруэллнинг ўғли Ричард Блэр лойиҳани маъқуллаган.
The Guardian нашрига кўра, роман «Жулия» деб номланади. Янги романда воқеалар Оруэллнинг «1984» китобидаги бош қаҳрамон Уинстон Смитнинг 26 ёшли севгилиси нуқтаи назаридан тасвирланади. Жулия Смит сингари «Катта Оға» томонидан бошқариладиган Океания тоталитар давлатидаги Ҳақиқат вазирлигида ишлайди.
«Смит ҳужжатлар бўлимида фаолият олиб бориб, аслида тарихни қайта ёзмоқда, партия ташвиқотига зид бўлган фактларни ўз ичига олган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритмоқда. «1984» қаҳрамони ташқи партиянинг аъзоси, лекин унинг мафкурасига умуман қўшилмайди. Шундай пайтда Смит ва Жулия ўртасида романтика бошланади», дейилади хабарда.
Янги китобни чиқарадиган Granta нашриёти Жулияни антиутопик дунёни «Уинстондан кўра яхшироқ» тушунадиган «Океаниянинг идеал фуқароси» эканини қайд этган. Гарчи у кўпроқ ақлли ва партия ташвиқотига камроқ мойил бўлса ҳам, Жулиянинг ҳаёти бир нуқтага қадар яхши эди. У ўзини партия тарафдори сифатида кўрсатди, лекин шу билан бирга доимий равишда қонунларни бузди ва умуман олганда, Оруэлл ўз китобида ёзганидек, ҳақиқат ва ёлғон ўртасидаги фарқ унга муҳим бўлиб туюлмади.
«У бошқа дунёни билмас эди ва Уинстон билан учрашгунга қадар уни ҳеч қачон тасаввур ҳам қилмаганди. У оппортунист, ҳеч нарсага ишонмайди, сиёсат уни умуман қизиқтирмайди. У мунтазам равишда қоидаларни бузади, лекин керак бўлганда режим билан ҳамкорлик қилади. Аммо бир куни у импульсив равишда Уинстонга эслатмани узатганда ортиқ хавфсиз эмаслигини тушунади», дейилади нашр хабарида.
Ўз навбатида, Оруэлл жамғармаси узоқ вақтдан бери Жулия номидан воқеани сўзлаб бера оладиган муаллифни қидираётганини ва Ньюман номзоди «мукаммал» эканини қайд этган.
«Оруэллнинг романида иккита савол жавобсиз қолди: Жулия Уинстонда нимани кўрган ва у партия зинапоясидан қандай кўтарилган. Сандра Ньюман «Катта Биродар» дунёсига мутлақо ишонарли тарзда кириб боради: унинг услуби нафақат романнинг асл вариантига мос келади, балки драматургия нуқтаи назаридан бутунлай бошқача ҳикояни беради», — дейди Оруэллнинг адабий меросини ўрганувчи Билл Гамильтон.
Унинг таъкидлашича, «1984» билан улғайган миллионлаб китобхонлар Ньюманни «ёқимли суҳбатдош» деб топади.
Лойиҳани ёзувчининг ўғли Ричард Блэр қўллаб-қувватлаган. Granta нашриёти Ньюманнинг янги «Эркаклар» романини чиқарганидан сўнг «Жулия»ни чоп этади ва бу Ньюман учун бешинчи роман бўлади.
Оруэллнинг «1984» романи 1949 йилда нашр этилган ва антиутопиянинг ёрқин намуналаридан бири ҳисобланади.






