Рейтинг. 2021 йил YouTube’да энг кўп пул топган дунёнинг 10 нафар блогери
Энг зўр ўн нафар блогер ўтган йили умумий миқдорда 300 миллион доллар даромад қилган.

Forbes журнали 2021 йил YouTube’да энг кўп пул топган блогерлар рейтингини эълон қилди. MrBeast номи билан кўпчиликка таниш бўлган 23 ёшли Жимми Дональдсон рейтингда етакчига айланди. Унинг ўтган йилги даромади 54 миллион долларни ташкил қилган.
Йил якунига келиб YouTube аудиторияси томонидан 10 миллиард мартадан ортиқ томоша қилинган Дональдсоннинг канали аввалги икки йил давомида етакчилик қилган 10 ёшли техаслик Райан Кадзини ортда қолдирди.

«Ryan’s World» деб номланган каналида Кадзи болалар ўйинчоқларини намойиш қилиш билан шуғулланади. Энди у рейтингда еттинчи поғонада бормоқда.
Коронавирус пандемияси даврида анъанавий кўнгилочар индустрия «қаттиқ зарбага» учради, фильмлар чиқиши кечиктирилди, телесериаллар ва компьютер ўйинларини ишлаб чиқиш тўхтаб қолди.

Бироқ, YouTube учун бу давр ҳақиқий «бум бўлди». Тадқиқотларга кўра, 2021 йилда платформага бутун дунё бўйлаб 2,3 миллиард фойдаланувчи кирган. YouTube’нинг хабар беришича, ҳар куни фойдаланувчилар платформада миллиард соатлик видео томоша қилади.
Forbes ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили энг зўр 10 нафар YouTube блогери умумий миқдорда 300 миллион доллар ишлаб топган. Қуйида улар ҳақида сўз боради.
10. Престон Арсемент
Гарчи блогернинг бир нечта турли каналлари бўлса-да, у асосан Minecraft ўйини ҳақидаги видеолари орқали машҳурликка эришди. 2021 йилда Престон 16 миллион доллар ишлаб топди, бу рўйхатда олтинчи ўринни эгаллаган аввалги йилга нисбатан бир оз камроқ.
9. Логан Пол
У боксчи ва видео блогер ҳисобланади. Бунгача у 2017 йилда ушбу рўйхатга киритилган эди. Ўтган йили унинг даромади 18 миллион долларни ташкил қилган.
8. Dude Perfect
Dude Perfect комедия гуруҳи 2020 йилги рейтингда учинчи ўринни эгаллаганди. Бу сафар ушбу гуруҳ 8-ўриндан жой олди. 2021 йилда Dude Perfect 20 миллион доллар ишлаб олди.
7. Райан Кадзи
Болалар ўйинчоқлари шарҳларига мезбонлик қилувчи дунёдаги энг машҳур канал муаллифи, 10 ёшли Райан Кадзи кучли учликдан еттинчи ўринга тушиб кетди. 2021 йилда унинг шарҳлари, ўқув видеолари ва оилавий блоглари унга 27 миллион доллар даромад келтирди.
6. Настя Радзинская
Етти ёшли Настянинг деярли 90 миллион обуначиси бор. У ҳам блогерликни янги ўйинчоқларни шарҳлашдан бошлаган. Аммо вақт ўтиши билан унинг машҳурлиги ва даромади ортиб борди. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Настя ва унинг оиласи ўтган йили 28 миллион доллар ишлаб топган.
5. Unspeakable
Unspeakable энг бой YouTube блогерлари рўйхатига илк марта киритилиши. Minecraft ўйинчиси тахминан 10 йилдан бери ўйиндаги саргузаштлари акс этган видеоларини платформага жойлаб келади. Ўтган йили у видеоларнинг ҳуқуқларини Spotter’га сотди ва бу унга 28,5 миллион доллар ишлаб топишга ёрдам берди.
4. Ретт ва Линк
YouTube’даги Good Mythical Morning ток-шоусини бошқарган америкалик комедиячилар дуэти 2021 йилда 30 миллион доллар даромад қилган.
3. Markiplier
Markiplier номли блогер ўз бренди остида муваффақиятли тарзда товар сотиб келади. У ўтган йили 38 миллион доллар ишлаб топган.
2. Жейк Пол
Америкалик актёр ва блогер бокс билан фаол шуғулланди, бу эса унга кучли ўнталикка қайтишга ёрдам берди. Унинг аралаш яккакурашлар бўйича жангларни ўтказувчи Ultimate Fighting Championship (UFC) ассоциацияси юлдузлари билан ўтказган жанглари унга йил якунида 38 миллион доллар олишга ёрдам берди.
1. MrBeast
Энг юқори даромадга эга YouTube блогери томошабинларни жалб қилиш учун турли найранглар ва ҳазиллардан фойдаланади. Ўтган йили у Netflix’нинг ўта машҳур «Кальмар ўйини» (Squid Game) элементлари, жумладан, улкан стадионда бекинмачоқ ўйнаш ва тириклайин «кўмилиш» картиналарини қайта яратди.
Йил охирига келиб унинг каналидаги видеолар 10 миллиард марта томоша қилингани маълум бўлди. Бунинг ортидан блогер 54 миллион доллар даромад қилди.






