2022 йилнинг 9 ойида йўл-транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш мақсадида 5,8 трлн сўм сарфланган
Олий Мажлис Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида Давлат бюджетининг жами харажатлари 162,4 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 83,3 трлн сўмни ташкил этган. Амалга оширилган жами харажатлар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга ошгани маълум қилинди

Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида 2022–2026 йилларга мўлжалланган давлат дастурининг 2022 йил 9 ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан ҳукуматнинг ҳисоботи эшитилди.
Маълум қилинишича, ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи 105,8 фоизни ташкил этган.
Давлат бюджетининг жами харажатлари 162,4 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 83,3 трлн сўмни ташкил қилган. Амалга оширилган жами харажатлар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга ошган.
Ҳисобот даврида 1,9 млн нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 69,3 мингдан зиёд янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилган бўлиб, уларда 1 мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланган.
«Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш мақсадида умумий қиймати 700 млн доллардан ортиқ бўлган хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 1 154 МВтга тенг 5 та электр станциялари ишга туширилган.
Йўл-транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш мақсадида 5,8 трлн маблағлар ҳисобига жами 15 минг 95 км автомобиль йўллари ҳамда 104 та кўприк таъмирланган.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 2 762 та объект учун 23,8 трлн сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳисобот даврида 466 та мактаб, 163 та мактабгача таълим, 63 та тиббиёт, 11 та спорт объекти фойдаланишга топширилган.






