2022 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 627 трлн сўмдан ошди
Олий Мажлис Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида қтиисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ишлаб чиқаришларни диверсификация қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган самарали чоралар натижасида аҳолининг реал даромадлари 409,2 трлн сўмни ташкил этгани маълум қилинди

Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсиб, 627 трлн 477 млрд сўмни ташкил этди.
Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ишлаб чиқаришларни диверсификация қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган самарали чоралар натижасида аҳолининг реал даромадлари 409,2 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 фоизга ошган.
Макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши ва амалга оширилаётган самарали бюджет-солиқ сиёсати натижасида ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 147,1 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 трлн сўмга ёки 26,8 фоизга кўпайиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 6,5 трлн сўм миқдорида маблағ қолдирилди.
Давлат бюджетининг жорий йилнинг 9 ойидаги харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 162,4 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 26,4 фоизни ташкил этди.
Сенат аъзолари муҳокама жараёнида асосий эътиборни 2022 йилнинг 9 ойида Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, шунингдек, Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловларининг ундирувчанлик даражасига қаратдилар.
Давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги борасида қурилиш соҳасида ўтказилган назорат тадбирларида ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳисоботларга қўшиб ёзиш, лойиҳа-смета ҳужжатларида қурилиш материалларини юқори нархларда кўрсатиш каби хато ва камчиликлар аниқлангани таъкидланди.






