Snapchat иловаси эгаси тарихда биринчи марта фойда кўрди
Компания акциялари 60 фоизга ошди.

Snapchat иловаси эгаси Snap Inc. чоракни биринчи марта фойда билан якунлади ва даромадини сезиларли даражада оширди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Маълум қилинишича, компаниянинг октябрь-декабрь ойларида соф даромади 22,6 миллион долларни ёки ҳар бир акция учун 1 центни ташкил қилган. Компаниянинг 2021 йилнинг шу давридаги йўқотиши 113,1 миллион доллар ёки ҳар бир акция учун 8 центни ташкил этган.
Таъкидланишича, даромад 42 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларни ташкил этган. Таҳлилчилар ҳар бир акция учун ўртача ҳисобда 9 цент соф йўқотиш ва 1,2 миллиард долларлик даромадни башорат қилганди.
Шунингдек, ўтган чоракда Snapchat иловасининг кунлик фаол фойдаланувчилари сони 20 фоизга ошиб, 319 миллион кишини ташкил этган. Натижа экспертлар кутган 317 миллион кишидан ҳам яхши бўлган.
Компания 2021 йилда умуман йўқотишларини 488 миллион долларга — 48 фоизгача камайтирган. Даромадини эса 64 фоизга ошириб, 4,1 миллиард долларга етказган. EBITDA кўрсаткичи кетма-кет иккинчи йил ижобий бўлган ва 617 миллион долларни ташкил этган.
Snap 2022 йилнинг биринчи чорагида 1,03–1,08 миллиард доллар оралиғида даромад билан EBITDA’нинг нолга яқин бўлишини кутмоқда. 3 февраль кунги қўшимча сессияда Snap акциялари 59,2 фоизга ўсган. Meta Platforms’нинг заиф ҳисоботи туфайли қимматли қоғозлар асосий сессияни 24 фоизга пасайтириш билан якунлаган.
Аввалроқ Meta акциялари 23 фоизга «қулагани» ва Pinterest, Snap ва Twitter’да ҳам пасайиш кузатилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Meta ва Snap 11 ёшли қизнинг суиқасдида айблангани ҳақида хабар берилди.





