Meta акциялари 23 фоизга «қулади». Pinterest, Snap ва Twitter’да ҳам пасайиш кузатилди
Собиқ Facebook 175 миллиард доллар зарар кўриши мумкин.

Meta (собиқ Facebook) акциялари 23 фоиздан кўпроққа тушиб кетди ва ўзи билан бошқа компанияларни ҳам тортиб кетди. Бу ҳақда АҚШнинг CNBC телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, инвесторлар компаниянинг молиявий кўрсаткичларидан ҳафсаласи пир бўлган, бунга компаниянинг биринчи чоракдаги даромади Уолл-стрит таҳлилчилари кутганидан ҳам паст бўлгани сабаб бўлган.
Ҳисоботдан сўнг Meta Platforms акциялари 23 фоизга тушиб кетган ва бошқа ижтимоий тармоқ операторлари — Pinterest, Snap ва Twitter акцияларини ҳам пастга тортган. Савдо ёпилганидан кейин Snap акциялари 18 фоиздан кўпроққа тушиб кетган, Pinterest — деярли 10 фоиз, Twitter эса тахминан 8 фоиз йўқотган.
Ўз навбатида, Amazon акциялари 3 фоиздан кўпроққа тушган, Microsoft нархи деярли 1 фоизга арзонлашган.
Ўтган йили ребрендинг ўтказган Meta биринчи чоракда 27 миллиард доллардан 29 миллиард долларгача даромад кўришини айтди. Бу эса Уолл-стрит таҳлилчиларининг прогнози — 30,15 миллиард доллардан паст бўлди.
РБК нашрининг ёзишича, агар вазият яхши томонга ўзгармаса, Meta акциялари қулаши ортидан 175 миллиард доллар йўқотиши мумкин.
Аввалроқ Цукерберг дунёнинг энг бой 10 нафар миллиардери рўйхатидан тушиб қолгани хабар қилинганди.






