Марказий банк «Инфляция калькулятори«ни ишга туширди
Мазкур калькулятор ёрдамида маълум ихтиёрий вақт оралиғида инфляциянинг пул қийматига (сотиб олиш қобилиятига) таъсирини баҳолаш мумкин. Масалан, бундан 20 йил олдин февраль ойидаги 100 минг сўм 2025 йил февралда 574 минг 409 сўмга айланган.

Фойдаланувчи керакли давр ва пул миқдорини танлаб калькулятор ёрдамида Статистика агентлиги томонидан ҳисобланган истеъмол нархлари индексининг ойлик маълумотлари асосида пул миқдорининг белгилаб олинган давр учун якуний нархини аниқлаши мумкин бўлади. Шунингдек, калькулятор ушбу давр учун ўртача йиллик ва ўртача ойлик инфляцияни ҳисоблайди.
«Инфляция калькулятори» веб-сайтнинг бош саҳифаси ҳамда «Пул-кредит сиёсати» бўлимида жойлашган.
1999 йил декабр ойидан бошлаб то бугунги кунгача исталган сана ва қийматни киритиш мумкин. Масалан, бундан 20 йил олдин — 2005 йил февраль ойидаги 100 минг сўм 2025 йил февралда 574 минг 409 сўмга айланган.
Инфляция калькулятори ҳақида
Инфляция калькулятори аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари сотиб олиш қобилиятига вақт ўтиши билан инфляциянинг таъсирини баҳолашда фойдаланиладиган инструмент ҳисобланади. Фойдаланувчилар маълум бир суммани киритиб, вақт оралиғини танлаш орқали пулнинг бугунги ёки ўтган йиллардаги қийматини билиб олишлари мумкин.
Инфляция калькулятори киритилган икки давр оралиғида Истеъмол Нархлари Индекси (ИНИ) динамикаси асосида нархлар ўзгариши, давр бошидаги киритилган миқдорнинг якуний даврдаги қиймати, ўртача йиллик инфляция ва ўртача ойлик инфляция кўрсаткичларини ҳисоблайди.
Калькуляторда Статистика агентлиги томонидан ҳисоблаб бориладиган Истеъмол Нархлари Индекси (ИНИ) ойлик маълумотларидан фойдаланилади.
Мисол учун, 2020 йил декабрда 100 000 cўм бўлган товар ва хизматлар қиймати 2022 йил декабрда қанча бўлганини аниқлаш учун:
2020 йил декабрь ойи учун ИНИ = 190.9
2022 йил декабрь ойи учун ИНИ = 235.7
Демак, 2020 йил декабрь ойидаги 100 000 cўмлик товарлар ва хизматлар қиймати 2022 йил декабрь ойида 123 468 сўмни ташкил қилган.




