АҚШда криптовалюталарнинг стратегик захираси яратилади
Захира активлари таркибидан нафақат биткоин (BTC), балки бошқа машҳур криптовалюталар, жумладан XRP, Solana (SOL) ва Cardano (ADA) ҳам ўрин олади. Ушбу янгиликдан кейин криптовалюталар нархи кескин ошиб кетди.

АҚШ президенти Доналд Трамп криптовалютани ривожлантириш бўйича давлат стратегиясининг асосий элементи бўладиган миллий криптовалюта захирасини яратиш бўйича янги ташаббусни илгари сурди.
Унинг сўзларига кўра, бу қадам аввалги маъмурият томонидан киритилган чекловлардан сўнг АҚШнинг крипто саноатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган. «Мен АҚШнинг дунё криптопойтахтига айланишига ғамхўрлик қиламан», — деб қўшимча қилган Трамп.
Захира активлари таркибидан нафақат биткоин (BTC), балки бошқа машҳур криптовалюталар, жумладан XRP, Solana (SOL) ва Cardano (ADA) ҳам ўрин олади. Ушбу янгиликдан кейин криптовалюталар нархи кескин ошиб кетди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай танлов АҚШнинг аллақачон ўрнатилган рақамли активларни ҳам, стратегик аҳамиятга эга бўлган инновацион блокчейн лойиҳаларини ҳам қўллаб-қувватлашга бўлган интилишини таъкидлайди.
Трамп лавозимга киришганидан сўнг дарҳол рақамли активлар бўйича ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди, унинг таркибига асосий идоралар: Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия, шунингдек, Товар фьючерслари савдоси бўйича комиссия вакиллари киради. Уларнинг асосий вазифаси Оқ уйга криптовалюта сиёсати бўйича маслаҳат бериш ва давлат крипто фондини яратиш истиқболларини баҳолашдан иборат.
Криптовалюталар бўйича ишчи гуруҳ нима?
Трамп январь ойида криптовалюта бозорини тартибга солиш ва криптовалюта захирасини яратиш масаласини кўриб чиқиш бўйича ижроий фармон имзолаганди. «АҚШнинг рақамли молияда етакчилигини мустаҳкамлаш» (Strengthening American Leadership in Digital Financial Technology) ҳақидаги фармон Оқ уй сайтида эълон қилинган.
Ҳужжат «рақамли активлар, жумладан, стейблкоинлар бўйича федерал тартибга солиш базасини ишлаб чиқиш» ҳамда «миллий рақамли активлар захирасини яратиш имкониятини баҳолаш» учун ишчи гуруҳ тузишни бошлаб берган.
Фармон асосида ташкил этилган криптобозор бўйича ишчи гуруҳ бундай захиранинг потенциалини баҳолаш ва уни шакллантириш мезонларини таклиф қилиш билан шуғулланади. Ҳужжатга кўра, бу захира АҚШ ҳукумати томонидан ноқонуний фаолиятга қарши кураш доирасида мусодара қилинган криптовалюталардан ташкил топиши мумкин.
Ишчи гуруҳга «криптоқирол» Дэвид Сакс раҳбарлик қилмоқда. Унинг таркибига молия вазири, Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) раиси ҳамда бошқа муҳим идоралар раҳбарлари кирган. Оқ уй ишчи гуруҳга федерал ҳукуматдан ташқари рақамли активлар саноати экспертларини ҳам жалб қилишни топширган.
Ғоялар ва қонун лойиҳалари
АҚШ президенти биткоинларнинг давлат захирасига оид бошқа ташаббусларга, жумладан, АҚШ Сенатида рақамли активлар бўйича қўмита раҳбари этиб тайинланган сенатор Синтия Ламмиснинг қонун лойиҳасига ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Унинг сўзларига кўра, «агар Қўшма Штатлар молиявий инновациялар соҳасида етакчилигини сақлаб қолишни истаса», Конгресс «рақамли активлар учун тўлиқ ҳуқуқий база яратиб, АҚШ долларини биткоиннинг стратегик захираси орқали мустаҳкамлайдиган қонунни тезда қабул қилиши керак».
Ламмис — Bitcoin Act деб номланган миллий биткоин-захирасига оид қонун лойиҳасининг муаллифидир. Унга кўра, АҚШ Федерал захира тизими биткоин сотиб олиб, уни олтин ёки хорижий валюталар сингари захира активи сифатида сақлаши керак бўлади. Дастлабки режага кўра, давлат беш йил давомида йилига 200 минг биткоин сотиб олиб, 1 миллион биткоин захира тўплашни мақсад қилган. Ламмиснинг фикрича, бу, жумладан, 2045 йилга келиб АҚШ давлат қарзини икки баравар камайтиришга ёрдам бериши мумкин.




