Paynet, Click ва Paymeʼнинг олти ойда қанча фойда кўргани маълум бўлди
Ўзбекистоннинг уч етакчи тўлов компанияси — Paynet, Payme ва Click 2025 йилнинг илк олти ойига оид молиявий ҳисоботларини эълон қилди.

2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, ушбу компаниялар ўзларининг молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Унга кўра, ҳар учала компания ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан соф фойда ва тушумда сезиларли ўсишга эришган.
Paynet — 201,7 миллиард сўм
Paynet компанияси 2025 йил январь–июнь ойларида 201,7 миллиард сўм миқдорида соф фойда олди.
Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 64,4 миллиард сўмга ёки 46,9 фоизга кўпроқдир. Таъкидлаш жоизки, ўтган йили Paynet ушбу даврда 137,3 миллиард сўм соф фойда қайд этган эди.
Ҳисоботга кўра, компаниянинг умумий тушуми ҳам сезиларли ошган. Ушбу кўрсаткич олти ойда 252,3 миллиард сўмга ёки 50,04 фоизга ўсиб, 756,5 миллиард сўмни ташкил этди.
Payme —166,3 миллиард сўм
Payme компанияси 2025 йилнинг илк олти ойида 166,3 миллиард сўм соф фойда олди.
Payme’нинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,5 миллиард сўмга ёки 47,4 фоизга ошди. 2024 йилнинг айни шу даврида компания 112,8 миллиард сўм соф фойда олган эди.
Компаниянинг соф тушуми 327,1 миллиард сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,9 миллиард сўмга ёки 52,7 фоизга кўпроқ.
Click —154,7 миллиард сўм
Click компанияси 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 154,7 миллиард сўм миқдорида соф фойда кўрди.
Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,7 миллиард сўмга ёки 32,2 фоизга кўпроқдир. Маълумот учун, Click 2024 йилнинг айни шу даврида 117 миллиард сўм соф фойда олган эди.
Компаниянинг соф тушуми ҳам ошган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80,8 миллиард сўмга ўсиб, 353,4 миллиард сўмни ташкил қилган.







