Тадбиркорлар ўзига тегишли бинога туташ ерларни ижарага олиши мумкин бўлади
Ўзига тегишли бўлмаган ер участкасида норасмий тарзда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари рўйхати хатловдан ўтказилади.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ўзига тегишли бино ва иншоотларга туташ бўлган ер участкаларидан (соғликни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари бундан мустасно) мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тизими жорий этилади.
Ўзига тегишли бўлмаган ер участкасида норасмий тарзда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари рўйхати хатловдан ўтказилади.
Ҳукумат қарорига кўра, бу икки босқичда амалга оширилади:
- 1-босқичда барча туман (шаҳар)лардаги марказий кўчаларда — 1 сентябрга қадар;
- 2-босқичда қолган кўчаларда — 1 октябрга қадар.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб хатлов натижасида аниқланган объектлар қонуний фаолият юритади ёки ҳудудни бўшатади.
2026 йил 1 февралга қадар тижорат фаолияти объектларини кўчалар ва бинолар архитектура қиёфасига мос равишда, аҳоли учун қулай ва хавфсиз тарзда лойиҳалашга доир ягона талаб ва тавсиялар («дизайн-код») ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
«Дизайн-код»га асосан лойиҳалар тасдиқлангунга қадар фаолияти қонунийлаштирилиб, ижара шартномаси тузилган объектларда тадбиркорлар томонидан ҳар қандай қўшимча қурилишлар, майдон, фасад ва мавжуд енгил конструкцияларнинг конструктив элементларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди, шундай ишлар амалга оширилган тақдирда, туташ майдонда жойлашган объектлар белгиланган тартибда бузилади ҳамда янги шартнома тузилмайди.







