Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 43,4 млрд долларга етди

Давлат қарзининг асосий қисми ташқи қарзга тўғри келади — 84 фоиз. Йил давомида ташқи қарз 5,5 млрд долларга, ички қарз эса 632 млн долларга ошди.

Фото: «123ru.net»

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, ярим йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 43,37 млрд долларга етди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сайтидаги маълумотларда келтирилган.

Кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,16 баробар — $6,13 млрдга ўсди, йил боши билан таққослаганда эса $3,16 млрдни (+7,86%) ташкил этди. Давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати 35 фоиздан 34,2 фоизга камайди.

Давлат қарзининг асосий қисми ташқи қарзга тўғри келади — 84 фоиз. Январь—июнь ойларида унинг ҳажми $2,68 млрдга (+7,97 фоиз) ошиб, $36,41 млрдни ташкил этди. Ички қарз эса $473 млн ўсиш билан $6,96 млрд (+7,29 фоиз) бўлган. Йил давомида ташқи қарз $5,5 млрдга (+17,85 фоиз), ички қарз эса $632 млнга (+9,9 фоиз) ошди.

Ярим йилда ташқи қарзнинг асосий қисми — 47 фоизи ($16,96 млрд) буджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Ёқилғи-энергетика соҳасига $5,89 млрд (16 фоиз), қишлоқ ва сув хўжалиги — $3,13 млрд (9 фоиз), уй-жой коммунал хўжалиги — $3 млрд (8 фоиз) ҳамда транспорт ва транспорт инфратузилмаси $2,91 млрд (9 фоиз) ажратилган.

Кредиторлар қаторида ташқи қарз таркибида халқаро молия институтлари етакчилик қилмоқда — $19,44 млрд ёки жамига нисбатан 53 фоиз:

  • Жаҳон банки — $7,84 млрд (ташқи қарзнинг 22 фоизи);
  • Осиё тараққиёт банки — $7,46 млрд (20 фоиз);
  • Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки — $1,69 млрд (5 фоиз);
  • Ислом тараққиёт банки — $935 млн (3 фоиз);
  • Халқаро валюта жамғармаси — $642 млн (2 фоиз);
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки — $401 млн (1 фоиз).

Хорижий ҳукуматларнинг молиявий ташкилотлари суверен мажбуриятларнинг 31 фоизини — $11,19 млрдни ташкил этади:

  • Хитой (Хитой тараққиёт банки, Эксимбанк ва бошқалар) — $3,86 млрд (11 фоиз);
  • Япония (Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқалар) — $3,18 млрд (9 фоиз);
  • Франция (Франция тараққиёт агентлиги ва б.) — $1,16 млрд (3 фоиз);
  • Жанубий Корея (Эксимбанк, Корея иқтисодий тараққиёт жамғармаси ва б.) — $750 млн (2 фоиз);
  • Германия (Германия давлат банки) — $481 млн (1 фоиз).
  • Саудия Арабистони (Саудия тараққиёт жамғармаси) — $136 млн.

Шунингдек, ташқи қарзнинг 16 фоизи инвесторлар ҳиссасига тўғри келади. Олти ойда халқаро облигациялар ҳажми $1,65 млрдга ошиб, $5,78 млрдни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил якуни билан Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2023 йилга нисбатан $5,27 млрдга ўсиб, $40,19 млрдни ташкил этди. Ўсишнинг асосий қисми давлат ташқи қарзи ҳиссасига тўғри келиб ($33,72 млрд), ўтган йил давомида унга $4 млрддан ортиқ маблағ қўшилган.