Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 147 млрд доллардан ошди
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсиб, 1 849,7 триллион сўмни ташкил этди. Иқтисодиёт ҳажми доллар ҳисобида 147 млрд доллардан ошди. Бу прогнозлардан анча юқори.
Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2025 йил якунига кўра 7,7 фоизга ўсиб, 1 849,7 триллион сўмни ташкил этди. Газета ўрганган Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотлари шундан дарак бермоқда. Бу 6 фоизлик прогноздан (1,630 трлн сўм) анча юқори.
2025 йилда АҚШ долларининг ўртача курси 12 575,9 сўмни ташкил этишини ҳисобга олсак, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 147,08 миллиард долларга етди (Президент аввалроқ бу кўрсаткич 145 миллиард доллардан ошганини маълум қилган эди). 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 115 миллиард долларга баҳоланганди.
Аҳоли жон бошига ЯИМ дастлабки ҳисобда 48,4 млн сўмни (3846 доллар) ташкил этди.
Ялпи ички маҳсулот ўсишига хизмат кўрсатиш соҳаси энг катта ҳисса қўшди, у 8,5% га ўсди ва иқтисодиётнинг умумий ўсишига 3,9% пункт қўшди. Сектор ичида энг юқори ўсиш суръатлари қуйидагича бўлди:
савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари — +12 фоиз,
транспорт, сақлаш, ахборот ва алоқа — +14,5 фоиз.
Саноатнинг ўсиши 6,8 фоизни ташкил этди, унинг ЯИМ ўсишига қўшган ҳиссаси 1,7 фоиз бандга баҳоланмоқда.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 4,4 фоизга (+0,8) ўсди.
Қурилиш ишлари ҳажми 14 фоизга ошди, қурилишнинг ЯИМ ўсишидаги ҳиссаси 1 фоиз бандни ташкил этди.
Маҳсулотларга соф солиқлар 7,4 фоизга ўсиб, ЯИМнинг 0,3 ф.п. ўсишини таъминлади.
Саноат
Саноат соҳасида ўсиш 6,8 фоизни — 1 101,1 трлн сўмни (6,8 фоиз эди) ташкил этди.
Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида ишлаб чиқариш саноатининг улуши 86 фоиз (85,1 фоиз эди), тоғ-кон саноати — 7 фоиз (7,6%), электр ва газ таъминоти, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш — 6,4 фоизни (6,8 фоиз) ташкил этди.
Ишлаб чиқариш саноатида ўсиш 7,7 фоизни ташкил этди, шу билан бирга, бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қарийб икки бараварга, электр жиҳозлари ишлаб чиқариш эса 20,4 фоизга ошди.
Шу билан бирга, нефть ва газ қазиб олиш (-3,8 фоиз) ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш (-7,5 фоиз) пасайиши қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 538,9 трлн сўмни ташкил этиб, 4,4 фоизга ўсди. Ўсиш, хусусан, ишлаб чиқаришнинг кўпайиши билан таъминланди:
- пахта — +25,4 фоиз;
- полиз экинлари — +16,2 фоиз;
- дон — +13 фоиз;
- тухум — +7 фоиз.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 62,3 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликларида (63,1 фоиз) етиштирилди. 2025 йил охирида истеъмол секторидаги инфляция 7,3 фоизни ташкил этди (прогноз доирасида 7−8 фоиз).
Асосий капиталга инвестициялар 591,1 трлн сўмни ташкил этиб, 10,5%га ўсди. Ўсишнинг асосий манбаи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўлиб, уларнинг ҳажми 46,9 фоизга ошди. Уларнинг жами инвестициялардаги улуши 40,5 фоизга етди.
Қурилиш ишлари ҳажми йил давомида 14,2 фоизга ўсиб, 313,9 трлн сўмни ташкил этди.
Чакана савдо айланмаси 11,2 фоизга ошиб, 482,4 трлн сўмни ташкил этди, сотувларнинг қарийб 74 фоизи кичик бизнес ҳиссасига тўғри келди.
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2025 йилда 81,2 миллиард долларга етиб, 20,7 фоизга ошди. Экспорт 24 фоизга ўсиб, 33,8 миллиард долларни, импорт 18,5 фоизга ўсиб, 47,4 миллиард долларни ташкил этди.
Кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 14,7 фоизга ошиб, 1 050,3 трлн сўмни ташкил этди. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикада 474,9 мингта корхона ва ташкилотлар (424,8 мингта) фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 403,8 мингтаси (358,1 мингта) кичик корхона ва микрофирмалардир.
Хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони 22,1 фоизга ошиб, 14871 тадан 18164 тага етди.
