Президент туман банкирларини сунъий интеллектга ўқитиш бўйича топшириқ берди
Шунингдек, давлат раҳбари мутасаддилар ва ҳокимларга жорий йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш учун маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириб, нархини арзонлаштириши шартлигини кўрсатиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда бу йил банклар орқали кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга 140 триллион сўм берилаётгани маълум қилинди. Кичик бизнесга берилган ҳар 1 миллиард сўм кредит ҳисобига Ширин шаҳрида 20 та, Учқудуқда 17 та, Хонобод ва Сўхда 14 тадан, Томди туманида 13 та доимий иш ўрни яратилган.
ироқ Учкўприк, Пискент, Бўстонлиқ, Кармана, Қўрғонтепа туманларида 1 миллиард сўмлик кредитга ўртача 3 та иш ўрни тўғри келмоқда.
Ҳамма туман банклари кредитларни энг самарали лойиҳаларга йўналтирганида, қўшимча 36 минг янги иш ўрни яратилган бўларди, норасмий ишлаётган яна 60 минг одамнинг даромади “соя”дан чиқиши таъкидланди.
Шунинг учун лойиҳа танлашда, кредит ресурсларини ишлатишда сунъий интеллект керак. Лекин вилоят, туман банкирларини сунъий интеллектга ўқитиб, кредит ресурсини туманга энг катта самара берадиган лойиҳаларга йўналтиришни ўргатиш ишлари сустлиги танқид қилинди – деди Президент.
Шунингдек, Президент томонидан соҳа масъулларига туман банкирларини сунъий интеллектга ўқитишни бошлаш, банкларда “Сунъий интеллект маслаҳатчиси” платформасини ишга тушириш топширилди. Бу платформа тадбиркорларга кредит олиш учун лойиҳанинг параметри, рисклари, бозордаги талабни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тайёр ечимларни бериши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Қанча ҳаракат қилиб, иқтисодиётни ўстирмайлик, агар инфляция ҳам ошиб бораверса, аҳоли ва тадбиркорлар ҳаётида ижобий ўзгариш сезилмайди. Чунки товар, иш ва хизматлар нархининг ошиши кўпайган даромадни қадрсизлантиради»,
– деди президент.
Йил бошидан дунёда нефть нархи 40 фоизга ошди. Рўй бераётган зиддиятлар оқибатида қулай логистика коридорларини ўзгартиришга тўғри келмоқда. Бу маҳаллий маҳсулотларнинг экспортида ҳам, асосий истеъмол товарларининг импортида ҳам ташиш харажатларини 25-30 фоизга оширмоқда.
Инфляция импорти ички нарх-навога 1 фоизгача қўшимча босимни юзага келтирмоқда. Шундай бўлсада, ташқи босимни баҳона қилиб, инфляция бўйича ишларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик лозимлиги кўрсатиб ўтилди. «Барча раҳбарлар катта ҳарфлар билан ёзиб олсин: инфляцияга таъсир қиладиган истеъмол саватидаги маҳсулот ва хизматларнинг 70 фоизи ўзимизники», – деди давлат раҳбари.
Мутасаддилар ва ҳокимларга жорий йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш учун маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириб, нархини арзонлаштириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
