Ўзбекистон ташқи қарзи 82,2 млрд долларга етди
2025 йилда жами экспорт ҳажми 23 фоизга ўсиб, 32,3 млрд долларни ташкил этди. Товарлар экспорти 17 фоизга кўпайиб, 23 млрд долларга етди
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи $18,1 млрдга ошди. Бу Марказий банкнинг мамлакат тўлов баланси, халқаро инвестиция мавқеи ва ташқи қарзи бўйича шарҳида келтирилган.
Ўтган йилда жаҳон миқёсида сақланиб қолган геосиёсий кескинликлар, ташқи савдо фрагментацияси ва юқори иқтисодий ноаниқликларга қарамасдан, Ўзбекистоннинг тўлов баланси ва халқаро инвестициявий мавқеи кўрсаткичларида ижобий тенденциялар кузатилди. Бу, асосан, ташқи савдо ҳажмларининг ошиши, халқаро молия бозорларидан маблағлар жалб этилишининг фаоллашиши, ташқи меҳнат миграцияси йўналишларининг кенгайиши ҳамда халқаро пул ўтказмалари оқимларининг кўпайиши билан изоҳланади.
2025 йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3,9% ни ($5,8 млрд) ташкил этиб, 2024 йилдаги 4,7% га ($5,7 млрд) нисбатан 0,8 фоиз бандга қисқарди.
Экспортнинг импортга нисбатан юқорироқ ўсиши кузатилган бўлсада, импорт ҳажмининг экспортга нисбатан катта бўлганлиги сабабли товар ва хизматлар савдоси баланси манфий шаклланиб, $19,9 млрдни ташкил этди. Ушбу камомадни қисман қоплаш трансфертларнинг сезиларли ўсиши ҳисобига амалга оширилди: иккиламчи даромадлар бўйича ижобий сальдо $13,7 млрдга, бирламчи даромадлар бўйича эса $371,4 млнга етди.
2025 йилда жами экспорт ҳажми 23% га ўсиб, $32,3 млрдни ташкил этди (олтинсиз экспорт — $22,5 млрд, +20%). Товарлар экспорти 17% га кўпайиб, $23 млрдга етди (олтинсиз — $13,2 млрд, +9%).
Ишлаб чиқариш ҳажмларидаги ўзгаришлар билан бирга жаҳон бозорларида хомашё нархларининг динамикаси ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Олтин нархи йил бошига нисбатан 63% га, кумуш 2 баробарга, мис 32% га ва уран 5% га ошган. Шу билан бирга, пахта нархи 7% га пасайган.
Хизматлар экспорти 42% га ўсиб, $9,3 млрдни ташкил этди. Бунинг асосий омили сайёҳлар сонининг ошиши, минтақадаги транспорт коридорларидан фойдаланишнинг кенгайиши ҳамда ИТ соҳасидаги таркибий ислоҳотлар бўлди.
2025 йилда жами импорт ҳажми 20% га кўпайиб, $52,2 млрдга етди. Бу инвестициявий фаоллик ва ички истеъмол талаби юқорилиги шароитида машина ва ускуналар, кимёвий ва минерал маҳсулотлар, маиший ва озиқ-овқат товарлари ҳамда бошқа хомашё импортининг давом этиши билан изоҳланади. Импортнинг энг юқори ҳажми тўртинчи чоракка тўғри келди — $15,3 млрд. Товарлар импорти $38,6 млрд (+16%), хизматлар импорти эса $13,6 млрд (+30%) ни ташкил этди.
Меҳнат муҳожирлари ишлаган анъанавий мамлакатларда талабнинг юқори сақланиб қолиши, иш ҳақи миқдорининг ўсиши ҳамда меҳнат диверсификацияси бирламчи ва иккиламчи даромадлар бўйича тушумларнинг ортишига хизмат қилди. Норезидентларнинг инвестиция даромадлари (дивидендлар, реинвестиция ва фоиз тўловлари) кўпайиши бирламчи даромадлар бўйича тўловлар ҳажмини оширди. Натижада, бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси мусбат сальдо билан шаклланди — мос равишда $371 млн ва $13,7 млрд.
Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги молиявий ҳисоб доирасида жалб қилинган капитал тушумлари ҳисобига молиялаштирилди. Тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши қарийб 1,5 баробарга ўсиб, $4,4 млрдга тенг бўлди (ЯИМга нисбатан 3%). Уларнинг таркибида капитал қўйилмалар ва жалб қилинган қарз маблағлари ҳам, хорижий инвесторларнинг реинвестиция қилинган даромадлари ҳажми ҳам кўпайди.
Портфель инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 40% га кўпайиб, $4,4 млрдни ташкил қилди (ЯИМга нисбатан 3%). Халқаро молия бозорларида ҳукумат томонидан 3 та, банклар томонидан 7 та ҳамда номолиявий корхоналар томонидан 4 та янги халқаро облигациялар жойлаштирилди. 2 та еврооблигация бўйича мажбуриятлар эса тўлиқ сўндирилди.
Натижада, 2025 йил якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий сальдоси $9,3 млрдни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқеи 2 баробарга мустаҳкамланиб, $19,1 млрдга етди. Бунда резидентларнинг чет эл валютасидаги активлари 33% га (+$32 млрд) ошиб, %128,4 млрдни ташкил этган бўлса, ташқи мажбуриятлари 26% га (+$22,4 млрд) кўпайиб, $109,3 млрдга етди.
Активлар ҳажмининг ўсиши асосан халқаро захиралар ҳисобига тўғри келди. Олтин нархи ошиши таъсирида халқаро захиралар қолдиғи $25,1 млрдга кўпайиб, $66,3 млрдни ташкил этди. Хорижий валютадаги захиралар ҳам $1,9 млрдга ошди.
2026 йил 1 январь ҳолатига хориждан жалб қилинган давлат ташқи қарзи $40,5 млрдни ташкил этди. Унинг ЯИМга нисбати пасайишни сақлаб қолиб, 0,4 фоиз бандга — 27,5% гача камайди. Қарз маблағлари тўлиқ узоқ муддатли ва асосан имтиёзли шартлар асосида жалб қилинган.
Хўжалик субъектлари ва банклар томонидан норезидентлардан жалб қилинган корпоратив кредит ва қарзлар $41,7 млрдни ташкил этди (ЯИМга нисбатан 28,4%). Уларнинг 92% дан ортиғи узоқ муддатли шартларда олинган.
Корпоратив ташқи қарз таркибида тўғридан тўғри инвестиция киритган хорижий инвесторлардан жалб қилинган қарз қолдиғи $6,5 млрдни, халқаро облигациялар бўйича $7,3 млрдни ташкил этди. Қолган қисми эса хусусий секторнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш ва фаолиятни кенгайтириш учун давлат кафолатисиз жалб қилган қарзлари ҳисобига шаклланди.
2025 йилда жами ташқи қарз 28,2% га ошиб, $64,1 млрддан $82,2 млрдга етди: давлат қарзи $6,6 млрдга (+19,4%), корпоратив қарз эса $11,5 млрдга (+38%) ошди.
