Банкларда хорижий валюта олди-сотдиси кескин ошди — Марказий банк
Беш ой ичида аҳоли ва корхоналар банклардан 25,7 миллиард доллар қийматидаги хорижий валюталар сотиб олди.
Ўзбекистонда 2026 йил январь-май ойларида хорижий валюта таклифи 28 фоизга, талаби эса 20,1 фоизга ўсди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
Беш ой ичида аҳоли ва корхоналар банклардан 25,7 миллиард доллар қийматидаги хорижий валюталар сотиб олган. Бу миқдор 2025 йил мос даврига нисбатан 4,3 миллиард долларга кўп (20,1 фоиз).
“Мазкур даврда юридик шахсларнинг валюта хариди 20,2 миллиард долларга, жисмоний шахслар хариди эса 5,5 миллиард долларга тенг бўлди”, дейилади регулятор шарҳида.
Ички валюта бозорида таклиф талабдан кўра тезроқ ўсмоқда. Январь-май ойларида аҳоли ҳамда бизнес субъектлари банкларга 22,3 миллиард доллар қийматдаги чет эл валютаси сотган. Ушбу кўрсаткич 2025 йил мос даврига нисбатан 5 миллиард долларга ёки 28,6 фоизга ўсган.
“2026 йил январь-май ойларида аҳоли томонидан тижорат банкларига 10,2 миллиард доллар сотилган бўлса, юридик шахслар сотган валюта маблағлари 12,1 миллиард долларни ташкил этди”, дея қайд этган Марказий банк.
Ҳисобот даврида 1 АҚШ долларини сўмга айирбошлаш курси 11 938 — 12 320 сўм диапазонда шаклланган. Алмашув курси тебранувчанлиги ўртача 30 сўмни (0,25 фоиз) ташкил этган. Таққослаш учун, 2025 йил январь-май ойларида мазкур кўрсаткич 17,3 сўм ( 0,13 фоиз) бўлган.
Валюта алмашув курсининг қай даражада эркин ёки бошқарилаётгани унинг тебранувчанлигига боғлиқ. Агар олти ой давомида валюта курси тебраниши 2 фоиз юқори ва 2 фоиз қуйи бўлиб, ўртача 4 фоизлик коридордан чиқса, эркин сузувчи алмашув курси дейилади. Агар тебраниш қиймати 4 фоиздан ошмаса, бошқариладиган сузувчи курс сифатида кўрилади. Ёки 1 фоиз доирасида тебранса, бошқариладиган, қотган ёки фиксация қилинган курс дейилади.
