Маҳаллий корхоналар импорт материалларни олиб келишда ҚҚСдан озод қилишни сўрамоқда
Улар «Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз маҳаллий маҳсулотларга ҳам қўлланилса, сифат бўйича ҳам, стандарт бўйича ҳам рақобатга тайёрмиз», демоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда таъкидланишича, Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳамкорларга яна 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари таклиф қилинган.
Масалан, Жиззахда атом электр станциясини, Тошкент вилоятида 4-мисни бойитиш фабрикаси, Ўрта Чирчиқда 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга Янги Тошкент аэропорти, Янги Тошкентда 55 минг ўринли футбол стадиони, 282 километрли Тошкент – Самарқанд йўлини қуриш каби йирик лойиҳаларга ҳам биринчи навбатда қурилиш материаллари зарур.
Умуман, йирик лойиҳаларда фойдаланиладиган материалларга стандарт, сифат, сертификат бўйича юқори талаблар қўйилиши табиий. Шу боис, йирик лойиҳаларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлайдиган янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йирик ва мегалойиҳаларга сармоя киритаётган инвесторлар импорт материалларни олиб келишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни сўрайди. Шу билан бирга, бундай лойиҳаларга ўз маҳсулотларини таклиф қилиш истагида юрган маҳаллий корхоналар ҳам кўп.
Улар «Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз маҳаллий маҳсулотларга ҳам қўлланилса, сифат бўйича ҳам, стандарт бўйича ҳам рақобатга тайёрмиз», демоқда.
Мутасаддиларга йирик ва мегалойиҳаларга импорт ва маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда тенг шароитни таъминлаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Ҳозирда соҳадаги 457 та корхонанинг кредит бўйича муддати ўтган қарздорлиги 3,5 триллион сўмга етгани қайд этилди. Сабаб – ушбу корхоналар чиқараётган маҳсулотлар таннархи қимматлиги, бугунги бозор талабига тўлиқ жавоб бермагани учун харидор топа олмаяпти.
Масъулларга 457 та корхонанинг ҳар бирига бориб, уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қисқа муддатли дастур ишлаб чиқиш, айни мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс ажратиш топширилди.
Мазкур маблағлар мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали таннархни пасайтириш ва бозорда талаб юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
