Ўзбекистонда электромобиллар сони бир йилда 68 фоизга ошди
Ўзбекистонда электромобиллар бир йил ичида 65,2 мингтадан 109,2 мингтага кўпайди. Тошкент шаҳри етакчиликни сақлаб қолмоқда, бу ерда 80 мингга яқин электромобиль рўйхатга олинган.
Ўзбекистонда 1 апрель ҳолатига кўра, 109,2 мингта электромобиль рўйхатдан ўтказилган, деб хабар берди Статистика агентлиги. Бир йил давомида уларнинг сони 44 мингтага ёки 68 фоизга ортган.
Электромобилларнинг энг катта қисми ҳамон Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда — 79 851 та автомобиль ёки умумий соннинг 73 фоизи. Бир йил аввал пойтахтда 49 736 та электромобиль қайд этилган бўлиб, бу республика кўрсаткичининг 76 фоизини ташкил этган эди.
Тошкент шаҳридан кейинги ўринларда сезиларли фарқ билан Тошкент вилояти (8194 та) ва Самарқанд вилояти (4525 та) бормоқда. Ундан кейин Хоразм (3042 та), Қашқадарё (2611 та) ва Фарғона (2231 та) вилоятлари жойлашган.
Ўтган йилга нисбатан барча ҳудудларда электромобиллар сони кўпайган. Энг юқори нисбий ўсиш Самарқанд вилоятида қайд этилган бўлиб, бу ерда электромобиллар парки 2,6 баробардан кўпроққа — 1739 тадан 4525 тага ошган.
Шунингдек, Хоразм вилоятида ҳам электромобиллар сони икки баробардан зиёдга — 1415 тадан 3042 тага ёки 115 фоизга кўпайган. Сирдарё (404 тадан 799 тага; +97,8%), Қашқадарё (1338 тадан 2611 тага; +95,1%) ва Навоий (901 тадан 1756 тага; +94,9%) вилоятларида қарийб икки баробар ўсиш қайд этилган.
Энг паст ўсиш суръати Бухоро вилоятида кузатилди, бу ерда электромобиллар сони 48,7 фоизга ошиб, 1133 тадан 1685 тага етган. Сурхондарё вилоятида электромобиллар парки 59,1 фоизга, Тошкент шаҳрида эса 60,6 фоизга ўсган.
Аввалроқ президент электромобиль хариди учун кредит ставкаларини ўртача 23 фоиздан 16 фоизгача пасайтириш, қувватлаш шохобчалари тармоғини 4000 тага етказиб кенгайтириш ҳамда электромобиллардан фойдаланадиган такси ҳайдовчилари учун имтиёзлар жорий этиш бўйича топшириқ берган эди.
2023 йилда Ўзбекистонга олиб кирилган 80 мингга яқин автомобилнинг 56 мингдан ортиғи электромобиллар ҳиссасига тўғри келди.
