Марказий Осиёда давлат қарзи энг кўп мамлакат қайси?
Марказий Осиё ҳукуматлари жалб қилган умумий қарзлар (кредитлар) миқдори 140 млрд доллардан ортди. Шунинг қарийб 123,5 млрд доллари Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Қолган мамлакатлар қарз улуши эса бу икки давлатникига қараганда анча паст даражада.
Энг йирик қарздорлик Қозоғистонда
2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистоннинг давлат қарзи 76,5 миллиард долларга етди. Бу бир йил олдингидан 21 фоизга кўп.
Давлат қарзининг 56,4 миллиард доллари (74 фоиз) ички қарз, қолган қисми евробондлар ва халқаро молия институтларидан жалб қилинган ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатнинг 2025-йилдаги давлат қарзи даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 23 фоизга тенг бўлган.
Ўзбекистон кўрсаткичлари
Жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 47 миллиард долларга етди. Қарздорлик бир йилда 4,4 миллиард долларга ортган.
Давлат қарзининг 39,8 миллиард доллари (85 фоизи) ташқи, 7,2 миллиард доллари (15 фоизи) ички қарз ҳисобланади. Олинган кредитлар миқдорининг асосий ўсиши ташқи қарз ҳиссасига тўғри келмоқда (4,2 миллиард доллар).
Мамлакат ташқи қарзининг 22,3 миллиард доллари (56 фоизи) халқаро молия институтларидан жалб этилган. Масалан, энг йирик кредитор Жаҳон банки бўлиб турибди — 9,04 млрд доллар. Кейинги навбатда мамлакатнинг Осиё тараққиёт банкидан қарз қолдиғи 8,3 млрд долларни ташкил этган. Давлат қарзининг республика ялпи ички маҳсулотига нисбати 26,6 фоизга тенг.
Қирғизистон қарзи ҳақида
Жорий йил I чорагида Қирғизистоннинг давлат қарзи 9,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу бир йил аввалгидан 47 фоизга кўп. Давлат қарзининг 5,2 миллиард доллари ташқи, 4,6 миллиард доллари ички қарзлар ҳисобланади. Таҳлилларга кўра, давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан қарийб 39,5 фоизгача етган. Мамлакат қарз юки юқорилиги бўйича минтақада биринчи ўринда турибди.
Туркманистон — қарз юки энг паст давлат
Расмий веб саҳифаларда Туркманистон иқтисодиёти бўйича очиқ маълумотлар етарлича учрамайди. Бироқ айрим таҳлилларда мамлакат қарзини акс эттирувчи кўрсаткичлар мавжуд. Масалан, Жаҳон банки ҳисоботларидан бирида 2025 йилда Туркманистон ялпи ички маҳсулоти 77,4 миллиард долларни ташкил этгани ёзилган. Республиканинг давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 5,2 фоиз экани кўрсатилган. Шундан келиб чиқилса, Туркманистон давлат қарзи 4 миллиард доллар атрофида экани ойдинлашади.
Умумий олганда, Туркманистон минтақада қарз юки бўйича энг паст кўрсаткични қайд этмоқда. Осиё тараққиёт банки прогнозларига кўра, мамлакат қарзи келгуси йилларда ЯИМнинг 4 фоизидан паст шаклланиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2027 йил якунида 3,3 фоизгача тушиши мумкин.
Тожикистон энг кам қарздор
Жорий йил февралида Тожикистоннинг давлат қарзи 3,5 миллиард долларга етгани маълум бўлди. Шундан 3 миллиард доллари ташқи қарз, қолгани ички кредитлар ҳиссасига тўғри келган.
Маълумотларга кўра, Хитой Экспорт-импорт банки мамлакатнинг энг йирик ташқи кредитори бўлиб қолмоқда. Республика мазкур банкдан 700 миллион доллар кредит олган.
Тожикистон давлат қарзи миқдори мамлакат ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25 фоизга тенг.
